O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Одил судловнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати

10.04.2017

Мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини кафолатлаш билан боғлиқ кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги саъй-ҳаракатларни яна бир поғона кўтаришга қаратилган бўлиб, айни чоғда ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик вакиллари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Зайнаб БЕРДИЕВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Ўтган йиллар давомида рўёбга чиқарилган ислоҳотлар одамларда одил судловга нисбатан ишонч ҳиссини мустаҳкамлашга ҳамда адолатли жамиятни барпо этишга замин яратди. Шу билан бирга, давр талабларининг ортиши, энг аввало, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш механизмининг ривожланиб бориши барча соҳа қаторида суд тизимини ҳам изчил такомиллаштиришни тақозо этади. Янги Қонун ана шу нуқтаи назардан ғоят эътиборга моликдир.

Мазкур конституциявий тузатишларга мувофиқ, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилди. Ушбу ўзгартишлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади. Хусусан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шу жумладан, давлат органларининг ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг берган шикоятларини ва мурожаатларини кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судларнинг тузилиши инсонларнинг, юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқлари ва эркинликларини, манфаатларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини тубдан оширади.

Шу ўринда биз, Олий Мажлис Сенати аъзолари парламент назоратини кучайтириш орқали барча жабҳада адолат ва қонун устуворлиги йўлидаги ислоҳотлар самарадорлигига ҳисса қўшмоғимиз муқаддас бурчимиз эканлигини айтиб ўтиш зарур. Суд-ҳуқуқ тизимида жорий қилинаётган янги қоида ва нормаларни аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, ҳуқуқий таълим ва тарғиботни янада кучайтиришимиз талаб этилади

«Халқ сўзи» мухбирлари
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
Фарида МАҲКАМОВА ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9871-odil-sudlovning-musta-kam-u-u-ij-kafolati

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati