O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон брендини шакллантириш масалалари муҳокама этилди

10.10.2017

Ватанни тобора барқарор ривожлантириш, халқаро миқёсдаги нуфузини яхшилаш, инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳар бир мамлакатнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

2017 йил 10 октябрь куни “Radisson Blu Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Ўзбекистонда мамлакат брендини шакллантириш” мавзусида бўлиб ўтган конференция ана шу ва бошқа долзарб масалаларга бағишланди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан ЮНЕСКОнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Жаҳон” ахборот агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Халқаро Пресс-клуб вакиллари маъруза қилдилар.

Маърузачиларнинг нутқларида таъкидланганидек, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, инвестиция муҳитини такомиллаштириш, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш масалалари Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётнинг муваффақиятли ривожланишини белгилаб берувчи энг муҳим устуворликлар сифатида белгиланган.

Ўзбекистон мамлакат брендининг фаол илгари сурилиши мамлакатимизнинг ишончли, масъулиятли сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкор сифатидаги халқаро нуфузи ҳамда обрў-эътиборини юксалтиришда, инвесторлар ишончини мустаҳкамлашда, халқаро сиёсий таъсирини кенгайтиришда, халқаро ҳамкорлигини кенгайтиришда муҳим омиллардан бири бўлиши мумкин. Қайд этилганидек, мамлакатимизнинг кучли ва ижобий бренди замонавий глобал иқтисодиётда ҳал қилувчи рақобатбардош устуворликни таъминлаб бериши, шунингдек иқтисодиётимизни янада ривожлантиришга, ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олишга қаратилган стратегик мақсадларга эришишни жаддалаштириши мумкин.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистон миллий брендини тўлиқ шакллантиришга тўсқинлик қилаётган асосий омилларни аниқлаш билан боғлиқ масалаларни, чет эллик инвесторлар учун Ўзбекистоннинг жозибадорлик кўламига, самарали туристик брендини шакллантириш даражасига кўрсатадиган таъсири масалалари, шунингдек Ўзбекистоннинг янги брендини, нуфузини шакллантириш учун мустаҳкам пойдевор яратган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ кўрилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.

Муваффақиятли бренд олти қиррали иқтисодиёт деб номланадиган қуйидаги олтита бир-бири билан боғлиқ соҳани ривожлантиришни ўз ичига олиши қайд этилди: туризмни ривожлантириш, экспорт салоҳиётини ошириш, ташқи ва ички сиёсатни фаоллаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, маданиятни илгари суриш, халқ фаровонлиги.

Ўзбекистон жаҳон бозорида миллий брендини илгари суриш борасида катта имкониятларга эга. Хусусан, мамлакатимизнинг бой маданий мероси, барқарор ривожланаётгани, халқимизнинг меҳмондўстлиги, шаҳарларнинг замонавий инфратузилмаси ва бошқа омиллар мавжуд. Давлат секторининг бизнес ва жамоатчилик билан ўзаро барқарор ҳамкорлик қилаётганлиги миллий брендни шакллантиришда муҳим шартлардан бири ҳисобланади.

Тадбир иштирокчиларининг фикрича, давлатнинг ижобий руҳдаги бренди мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсий нуфузини яхшилабгина қолмай, балки халқаро даражада унинг сиёсий таъсирини ошириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, халқаро алоқаларни ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, миллий ўзига хослик туйғусини рағбатлантириш, мамлакатнинг умумий рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.

Буюк аллома ва мутафаккирларимиз жаҳон илм-фанига ва цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшганлиги, мамлакатимиз инсониятнинг маданий ва илмий бойлигини бирлаштирган ҳолда Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк вазифасини ўтаб келгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, молиявий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар билан боғлиқ очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Ўзбекистоннинг сўнгги вақтларда нафақат Марказий Осиё минтақасидаги, балки халқаро даражадаги нуфузи юксалишига сабаб бўлмоқда.

Сўзга чиқувчиларнинг нутқларида қайд этилганидек, бу йўналишда нуфузли халқаро институтларнинг баҳолари ва индекслари муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатининг муҳим жиҳатларини, олиб борилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижаларини акс эттирувчи холис ва ишончли ахборотни жаҳон ҳамжамиятига етказиш, шунингдек хорижда мамлакатимизнинг инвестициявий, туристик, маданий-тарихий жозибадорлигини ошириш юзасидан ишларни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистоннинг ижобий миллий брендини янада шакллантиришга, миллий брендга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этишга, Ўзбекистоннинг ижобий нуфузини шакллантириш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича алоҳида идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этишга, миллий брендни илгари суриш бўйича ишларда иштирок этиш учун халқаро экспертларни жалб қилишга қаратилган таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati