O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон Республикасида барқарор туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

10.04.2017

Туризм соҳаси мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди. Сўнгги йилларда мазкур соҳа Ўзбекистон иқтисодиётининг энг фаол ривожланаётган секторларидан бирига айланди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида барқарор тараққиётга, таркибий ислоҳотларни амалга оширишга ва иқтисодиётни диверсификациялашга ҳисса қўша оладиган, барча минтақаларни ва туташ тармоқларни ҳар томонлама ривожлантириш учун омил бўла оладиган, шунингдек жозибадор сайёҳлик маркази сифатида Ўзбекистоннинг ижобий нуфузини шакллантиришга қодир бўлган туризм соҳасининг мунтазам ривожланишини таъминлашга қаратилган.

2017 йил 10 апрель куни И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида “Ўзбекистон Республикасида барқарор туризмни ривожлантириш (Қорақалпоғистон мисолида)” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция ана шу масалалар муҳокамасига бағишланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари билан ҳамкорликда Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) кўмагида ташкил этилди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари аъзолари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек туризм ва маданият соҳасининг олимлари, мутахассислари, халқаро экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир БМТнинг “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик жамғармасини ташкил этиш орқали Орол денгизи инқирози натижасида зарар кўрган аҳолининг яшаш шароитлари салоҳиятини мустаҳкамлаш” деб номланган қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Конференция иштирокчилари ўз нутқларида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро ва Самарқанднинг жаҳонга машҳур меъморий осори-атиқалари билан бир қаторда мамлакатимизда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ниҳоятда бой ва турли-туман археологик қазилмалар жойлашганлигини таъкидладилар. Айнан шу сабабли Қорақалпоғистон сўнгги пайтларда археолог олимлар, тадқиқотчилар ва сайёҳлар эътиборини тобора кўп жалб қилмоқда. Бу ўлка ўзининг ноёб маданияти, бой тарихий мероси, шунингдек камдан-кам учрайдиган табиий ландшафтлари, қадимги ва ўрта аср ёдгорликлари билан донг таратган ўзига хос “археологик қўриқхона” ҳисобланади.

Бой тарихий-маданий меросга, кўплаб ноёб меъморий ансамблларга эга тарихий шаҳарлар мавжудлиги халқаро сайёҳлик бозорида Ўзбекистонга шак-шубҳасиз устуворлик беришини конференция аъзолари таъкидлаб ўтдилар.

Мустақиллик йилларида сайёҳлик хизматларининг рақобатбардош бозорини шакллантиришга қаратилган туб институционал ва сифатли ўзгаришлар амалга оширилди. Мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга, туризм соҳасини янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматлари инфратузилмасини ривожлантириш учун мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилишга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий база яратилди. Натижада Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда, сайёҳлик хизматларини экспорт қилиш ҳажми ортмоқда.

Шу билан бирга муҳокама чоғида таъкидланганидек, бугун туризм сектори Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор ва стратегик тармоқларидан бири сифатида эътироф этилган. Бу “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида, шунингдек 2016 йил 2 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорида белгилаб берилган. Шунингдек 2017 йил февралда “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди. Ушбу Фармонда туризм сектори мамлакатни ривожлантиришнинг ва иқтисодиётни эркинлаштиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида таърифланган.

Шу муносабат билан тадбирда сўзга чиққан сенаторлар ва мутахассислар минтақавий дастурлар доирасида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича комплекс ишларни ташкил этиш муҳимлигини қайд этдилар. Бундай дастурлар минтақада туризм соҳасининг барқарор ривожланишини таъминлаш учун устувор вазифаларни белгилаб олиш имконини беради. Бундан ташқари, бир қатор қишлоқ туманларида сайёҳлик инфратузилмасини мунтазам ривожлантириш, таълим, илмий, экологик ва спорт-соғломлаштириш каби сайёҳлик турларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Кўрсатилаётган хизматлар сифатини сезиларли даражада яхшилаш, сайёҳларни жалб қилишинг самарали шакллари ва усулларидан фойдаланиш, туризм индустриясига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишларини такомиллаштириш талаб этилади.

Муҳокама якунлари бўйича туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилишни давом эттириш, кадрлар тайёрлаш, сайёҳлик хизматлари сифатини ошириш, хорижда мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг намойиш қилиш, шунингдек халқаро сайёҳлик ташкилотлари ва хорижлик шериклар билан ҳамкорликни кучайтириш ишларини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар берилди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati