O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўрганиш натижалари танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди

10.03.2017

Жорий йил 7 март куни халқ депутатлари Яккабоғ тумани Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг тумандаги аҳоли билан ўтказган бевосита мулоқоти, шунингдек, тадбиркорлар билан учрашувлари, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, маҳаллалар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш муассасалари иши билан танишувлари натижалари батафсил кўриб чиқилди.

Сессияда туманда амалга оширилаётган бир қатор ташкилий ҳамда амалий ишларга эътибор қаратилди. Ўрганишлар давомида депутатлар Президентимизнинг тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, одамларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, тизимнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида берган кўрсатма ва топшириқларига асосан, тумандаги қатор тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишиб, ҳақиқий аҳволни чуқур таҳлил этдилар.

Йиғилишда тиббиёт масканлари, хусусан, қишлоқ врачлик пунктлари дори воситалари, тиббиёт асбоб-ускуналари билан етарлича таъминланмагани, шифокорлар етишмаслиги, тез тиббий ёрдам бригадаларининг камлиги ҳамда уларнинг моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги билан боғлиқ қатор масалалар ечимига эътибор қаратилди.

Парламент аъзолари аҳолининг барча қатламлари учун тиббий ёрдамдан фойдалана олиш ҳуқуқи, ижтимоий ҳимояланганлик принциплари асосида фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилишга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланишини бирламчи тиббиёт муассасалари мисолида таҳлилий ўрганар экан, бу жараёнда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг масъулияти, парламент ва жамоатчилик назорати муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Яккабоғ тумани аҳолиси хонадонларига ташрифлар чоғида фуқаролар томонидан 450 дан ортиқ масалалар кўтарилди. Аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан уларнинг фикрлари эшитилди ва жойида ҳал қилиниши мумкин бўлганларининг ечимини топишга кўмаклашилди. 

Сессияда сўзга чиққанлар халқ билан мулоқот асосида жойлардаги мавжуд муаммоларни атрофлича таҳлил этиб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бартараф қилиш йўллари ҳақида фикр билдирдилар. 

Йиғилишда тегишли идоралар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳам ахборотлари эшитилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

* * *

Халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг сессиясида парламент аъзолари томонидан тумандаги ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари, қолаверса, хизмат кўрсатиш идораларининг ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни қай даражада бажараётгани, туман аҳолиси билан ўтказилган бевосита мулоқотлар чоғида ўрганилган масалалар танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Парламент вакилларининг Уйчи туманидаги ҳолатни ўрганиш бўйича олиб борган бу галги фаолиятида асосий эътибор соғлиқни сақлаш тизимига қаратилди. Хусусан, халқ депутатлари туман Кенгашининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, бу соҳада назоратни самарали амалга ошириш бўйича комиссиялари томонидан жойлардаги тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда дорихоналарнинг фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бўйича таклифлар тайёрланди. 

Ўрганишлар жараёнида тиббиёт муассасаларида умумий амалиёт шифокорлари етишмаслиги, фаолият олиб бораётган ходимларнинг билим ва малакасини ошириш лозимлиги, мавжуд ҚВПларнинг моддий-техника базаси ҳамда тиббиёт асбоб-ускуналари эскиргани, тез тиббий ёрдам хизматлари фаолияти қониқарсиз эканлиги маълум бўлди. Сессияда мазкур камчиликларнинг айримлари жойида ҳал қилингани, баъзиларини бартараф этишга киришилгани айтиб ўтилди. 

Йиғилишда аҳолини ўйлантираётган бошқа масалалар, хусусан, қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш борасида прокуратура, ички ишлар ва бошқа давлат идораларининг фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларни янада жонлантириш лозимлиги юзасидан амалий тавсиялар берилди. 

Бундан ташқари, халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятига кўмаклашиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ҳудудий ишчи гуруҳи тузилди. Шу билан бирга, республика даражасидаги 100 га яқин муаммолар алоҳида ажратиб олиниб, уларни парламент назоратининг турли шакллари орқали бартараф этиш, тегишли давлат бошқаруви органларига парламент ва депутатлик сўровлари юбориш, парламент эшитувларини ташкил қилишга қаратилган аниқ мақсадли ва манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ, Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9653-rganish-natizhalari-tan-idij-ta-lilij-k-rib-chi-

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati