O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ АМАЛДА

10.03.2017

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2017 йил 10 март куни Андижон вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлисида “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг оилавий корхонага банк хизматини кўрсатиш ва кредит ажратиш борасидаги қисмининг Андижон вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Мажлисда халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссияларининг раислари, шунингдек маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқариш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича туман, шаҳар комиссиялари раислари, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоятнинг молиявий, назорат-тафтиш, статистика, солиқ бошқармалари, прокуратура, хўжалик суди, адлия бошқармалари, вилоятнинг олий ва ўрта махсус таълим муассасалари вакиллари, тижорат банклари филиаллари, савдо-саноат палатаси вилоят бўлими, “Маҳалла” фонди бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Қайд этилганидек, мамлакат иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши ортиб бормоқда. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш банклар олдига муайян вазифаларни қўймоқда.

Банк-молия тизимини ривожлантиришнинг ишлаб чиқилган аниқ мақсадли параметрлари 2017–2021 йилларда банк тизими умумий капиталини 2 баравар, депозитлар, шу жумладан аҳоли омонатлари ҳажмларини 2,1 баравар оширишни назарда тутади. Банкларнинг ресурс базасини янада капиталлаштириш ва мустаҳкамлаш ажратилаётган инвестиция кредитлари ҳажмлари 1,7 баравар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар ҳажмлари 2,2 баравар оширилишини таъминлайди.

Муҳокама вақтида сенаторлар таъкидлаганларидек, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг оилавий корхонага банк хизматини кўрсатиш ва кредит ажратиш ҳақидаги қисмини Андижон вилоятида ижро этиш мақсадида муайян ишлар олиб борилмоқда. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан оилавий корхоналарга банк хизматларини кўрсатиш ва кредит ажратишга, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва бизнес муҳитини яхшилашга қаратилган 36 та қарор қабул қилинди ҳамда ижроси таъминланди. Бундан ташқари, фақатгина халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши томонидан 2015–2016 йилларда оилавий корхоналарни қўллаб-қувватлаш масалаларига доир 10 дан ортиқ қарор қабул қилинди.

Вилоят ҳудудида жойлашган барча 868 та маҳаллада тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи маслаҳат марказлари ташкил этилди. 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра вилоятда 23 580 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларга 2016 йилда тижорат банклари томонидан 1,1 трлн. сўмлик кредит воситалари ажратилди. 2015–2016 йилларда оилавий тадбиркорликнинг амалдаги субъектларига (шундан 451 таси оилавий корхона) тижорат банклари томонидан 32 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар айрим камчилик ва хатоларни ҳам қайд этдилар. Масалан, 2015–2016 йилларда вилоятда фаолият кўрсатаётган суғурта компанияларининг учта филиали томонидан оилавий тадбиркорлар ва оилавий корхоналар билан бирорта ҳам суғурта шартномаси тузулмаган ҳамда уларга суғурта полислари берилмаган. Маҳалла фуқаролар йиғинлари оилавий тадбиркорликни ташкил этиш ва оилавий корхоналарни яратиш учун кредитлар олишда кафолат берувчи бўлиш ҳуқуқига эга бўлишига қарамай, ушбу имкониятдан фойдаланмаяпти ва салоҳиятли оилавий тадбиркорларга кўмаклашмаяпти. Давлат рақобат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан оилавий корхоналарга давлат мулки бўлган, инвестиция мажбуриятлари эвазига ноль қийматида реализация қилинадиган объектлар тўғрисидаги маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмаяпти. Вилоят халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари томонидан Қонуннинг оилавий корхонага банк хизматларини кўрсатишда ҳамда унга кредит ажратиш, шу жумладан бу соҳада депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича депутатлар фаолиятини кучайтириш тўғрисидаги қисми ижросини таъминлаш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти.

Мажлисда оилавий тадбиркорликни ташкил этишни ва оилавий корхоналарни яратишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда унга кўмаклашиш, кредитлар ва суғурта полисларини, инвестиция мажбуриятлари эвазига давлат мулкини ноль қийматида реализация қилиш ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида бериш, оилавий бизнесни қўллаб-қувватлашда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини кучайтиришда ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ошириш борасида турли таклифлар ва тавсиялар билдирилди.

Мажлис якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati