O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Аҳоли турмуш даражасини юксалтириш масъулияти

10.02.2017

Кеча халқ депутатлари Шаҳрихон тумани Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда Андижон вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари, корхона, ташкилот ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Очиқ мулоқот тарзида кечган йиғилишда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари бир неча кун давомида туманда бўлиб, ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, хизмат кўрсатиш соҳалари фаолиятини ўргандилар.

Сессияда аҳоли билан мулоқотлар ўзининг ижобий самарасини бераётгани айтиб ўтилди. Хусусан, ишчи гуруҳи томонидан тумандаги 700 га яқин хонадонларнинг турмуш тарзи ўрганилиб, фикр-мулоҳазалари ҳамда мурожаатлари юзасидан ўрганишлар ташкил этилди. Айни чоғда 120 та бошқарув идорасининг фаолиятига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ҳудудда тадбиркорликни ва ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида етарли тажриба ҳамда имконият борлигини инобатга олган ҳолда, тижорат банкларининг 5 та филиали томонидан фуқароларга 615 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари йўналтирилгани таъкидланди.

Йиғилишда ютуқлар билан бир қаторда, айрим камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилди. Жумладан, туманда юридик шахсларнинг электр энергиясидан бўлган қарз-дорлиги 4 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этаётир. Туман электр тармоқлари идораларида тўловларни қабул қилиш учун терминаллар сонини кўпайтириш, 17 та трансформаторни таъмирлаш зарурлиги депутат ва сенаторлар томонидан айтиб ўтилди. Шунингдек, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида бажарилиши керак бўлган вазифалар тўғрисида сўз юритилди. Бундан ташқари, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти ишлари яхши ташкил этилмаган. Баллонли газларни аҳолига етказиб беришда юзага келаётган муаммоларни бартараф қилиш бўйича ҳам тегишли чоралар кўриш зарур.

Қолаверса, сессияда ер ресурсларидан унумли фойдаланиш, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш, маиший хизмат, тиббиёт, таълим, ҳуқуқ-тартиботни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги мавжуд ҳолат хусусида фикрлар билдирилди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар муаммоларга ечим топиш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган саъй-ҳаракатлар юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.

Тадбирда тумандаги тегишли ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9459-a-oli-turmush-darazhasini-yuksaltirish-mas-uliyati

 

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati