O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қулай инвестиция муҳити — мамлакат равнақининг муҳим омили

09.11.2017

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ҳамда ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларига айланди. Эътиборлиси, бу борадаги принципиал ёндашувлар Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириб, тўғридан-тўғри сармоялар жалб қилиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.

Кеча пойтахтимизда ўтказилган халқаро давра суҳбатида инвестициявий муҳитни такомиллаштириш, бу борада эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда қайд этилганидек, ўтган қисқа фурсат ичида мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича қатор қонунлар, Президентимизнинг 20 дан ортиқ Фармони ва 35 дан зиёд қарори қабул қилинди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси ҳамда ушбу фаолиятни ривожлантиришни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилди.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар самарадорлигини Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” (“Doing Business”) халқаро ҳисоботининг сўнгги нашри ҳам тасдиқламоқда.

Яқинда эълон қилинган “Бизнесни юритиш 2018: иш ўринлари яратиш учун ислоҳотлар” маърузасига кўра, Ўзбекистон дунёнинг 190 давлати орасида 74-ўринни эгаллаб, ўтган йилдаги мавқеини бир йўла 13 поғона яхшилади. Қолаверса, юртимиз бизнес юритиш учун энг қулай шароитлар яратиш бўйича ислоҳотчи давлатларнинг биринчи ўнталигига киришга муваффақ бўлди. Мамлакатимизда ҳисоботдаги 10 та индикаторнинг 6 таси бўйича сезиларли ўсиш қайд этилганлиги ҳам ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлар кўлами ва натижадорлигидан дарак беради.

Анжуманда инвестициявий салоҳият ўсишига тўсқинлик қилаётган асосий омиллар муҳокама этилди. Шу билан бирга, юртимизда ушбу йўналишдаги муаммоларни ҳал қилиш учун инвесторлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини маъмурий-ҳуқуқий ва суд томонидан ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини назарда тутувчи янги қонунларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш бўйича аниқ ишлар бошлаб юборилди. Бунда инвестиция бозорида соғлом рақобатни ривожлантириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ва инвестицияга оид қонунчиликни кодификациялашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жумладан, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Олий Мажлис Сенати ҳамда БМТ Тараққиёт дастури экспертлари кўмагида Инвестиция кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилди.

Тадбирда ҳукумат вакиллари, тадбиркорлар, етакчи экспертлар мазкур кодекс лойиҳасининг концепциясини муҳокама этиш имкониятига эга бўлдилар. Таъкидланганидек, ушбу ҳужжат соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, сармоявий салоҳиятнинг ошиши, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган қонунлар ишлаб чиқилиши ва кафолатланган қўшимча имкониятлар яратилишида алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозирги вақтда Инвестиция кодексининг лойиҳаси www.regulation.gov.uz. порталида жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган.

Шунингдек, давра суҳбати давомида Жаҳон банки, ЕТТБ, “Ernst&Young” ҳамда “KPMG” каби йирик консалтинг компаниялари вакиллари, тадбиркорлар валюта сиёсатини либераллаштириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни юқори баҳоладилар, ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш баробарида, иқтисодий ислоҳотларга оид тавсиялар ҳам беришди.

— Ўтган йили Ўзбекистон мамлакат иқтисодиётига тўққиз миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб этган, — дейди Европа тикланиш ва тараққиёт банки биринчи вице-президенти Филипп Беннетт. — Бу кўрсаткич, албатта, мамлакатнинг улкан имконият ҳамда ресурсларига тўла мос эмас. Хориж капиталини жалб қилишда бозор салоҳияти, бизнес имкониятлари ва қулай ишбилармонлик муҳити муҳим ўрин тутади. Бу имкониятларда ҳуқуқий ҳамда маъмурий асосларни такомиллаштириш ҳал этувчи аҳамиятга эга. Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, мамлакат иқтисодиёти ҳамда ҳудудларига чет эл инвестициясини фаол жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ЕТТБ фаолияти билан ҳамоҳангдир. Биз давлат идоралари ва манфаатдор ташкилотларга ушбу йўналишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёрмиз.

Тадбирда, шунингдек, чет эл инвестицияларини жалб этишга қаратилган давлат сиёсатини ҳамда ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш, бизнесни ташкиллаштириш, валюта сиёсатини эркинлаштиришнинг жорий ҳолатига оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

http://xs.uz/index.php/homepage/i-tisodijot/item/11888-ulaj-investitsiya-mu-iti-mamlakat-ravna-ining-mu-im-omili

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati