O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий
маркази раҳбари Н.Герман билан учрашув

09.11.2017

2017 йил 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази раҳбари Н.Герман ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази раҳбари Н.Герман Самарқанд шаҳрида 10-11 ноябрь кунлари БМТ раҳнамолигида ўтказиладиган “Марказий Осиё: ўтмиш бир, келажак бир, барқарор тараққиёт ва равнақ йўлида ҳамкорлик” мавзусидаги Халқаро конференцияда иштирок этади.

Бўлиб ўтган суҳбат давомида БМТ ва унинг ихтисослаштирилган институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Томонлар турли шаклларда ва форматларда ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Учрашувда томонлар ўзаро қизиқиш уйғотган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati