O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Экспорт иқтисодиётимиз таянчи

09.08.2017

2017 йил 9 август куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки хузуридаги экспортни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси хамкорлигида ташкил этилган “Экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш: ҳуқуқий асослар ва истиқболлар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинарда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Марказий банк, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки хузуридаги Экспортни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси, Ташқи савдо, Молия, Адлия вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Божхона, Солиқ ва Инвестициялар бўйича давлат қўмиталари, “Ўзстандарт” агентлиги ва бошқа бир қатор манфаатдор ташкилотлар, олий ўқув юртлари вакиллари, 30 дан ортиқ экспортчи корхоналар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сенаторлар томонидан қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва яратилган тегишли норматив-ҳуқуқий база иқтисодиётнинг барқарор суръатлар билан ўсиши учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Айниқса, сўнги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес субъектларининг улушини янада ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жаҳон бозорларида рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилишда тадбиркорларимизни рағбатлантириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Қисқа муддат ичида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, экспортчи корхоналарга қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш, банк-молия соҳасида ислоҳотлар ўтказиш борасида 60 дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат қарорлари, фармонлари ва фармойишлари қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитни янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш орқали ушбу сектор Ўзбекистон иқтисодиёти тузилмасида янада муҳим ўрин эгаллашида ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада оширишда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Жорий йилнинг 28 июль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорига асосан эндиликда маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар ва фермер хўжаликлари томонидан маҳсулот экспорт қилишдан тушган валюта тушумларининг 25 фоизини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди, бу эса, ўз навбатида, хорижий хамкорлардан тушган валюта тушумларини корхоналарнинг ўз ихтиёрида қолишига ҳамда бу маблағларни хориждан замонавий технологик ускуналарни жалб қилиш, халқаро стандартлар ва сифат менежменти тизимларини жорий этиш, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун зарур хомашё харид қилишда кенг имкониятларни яратади.

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ўсишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари алоҳида ўрин эгаллайди. Масалан, ўтган йилнинг мазкур даврига таққослаганда экспорт фаолиятини амалга оширган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекларининг сони 504 тага ошди ёки улар томондан амалга оширилган экспорт хажми қарийб 120 миллион долларга кўпайди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан эътироф этилганидек, бугунги кунда мазкур соҳани янада ривожлантиришда ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини оширишда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Ҳозирги вақтда экспортга йўналтирилган маҳсулотларнинг сифатини янада ошириш, уларни қайта ишлаш орқали юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, мавжуд норматив-ҳуқуқий хужжатларни такомиллаштириш ва бошқа бир қатор йўналишларда тизимли ишларни амалга ошириш талаб этилмоқда.

Муҳокама чоғида сўзга чиққан семинар иштирокчилари мамлакат маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш, замонавий фикрлайдиган тадбиркорлар синфини шакллантириш, ташқи бозорларда рақобатбардошлиги юқори бўлган янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, анъанавий бозорлардан четлашган ҳолда экспорт географиясини диверсификация қилиш, саноат корхоналари фаолиятини жадаллаштириш, маҳаллий брендларни илгари суриш каби бир қатор масалалар юртимиз экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Бундан ташқари, семинар давомида тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳсулотлар экспортида тегишли сертификатларни олиш, халқаро стандартларни жорий этиш, божхона расмийлаштируви, солиқ имтиёзларини қўллаш, экспортга мўлжалланган юкни ташиш билан боғлиқ бўлган муаммолар қайд этилди ва уларнинг ечими юзасидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар илгари сурилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati