O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Истеъмолчилик кайфияти илдиз отишига йўл қўйиб бўлмайди

09.08.2017

Юртимизда ўсиб келаётган авлоднинг соғлом, интеллектуал салоҳиятли, замонавий дунёқараш ҳамда касб-ҳунарга эга бўлиб вояга етиши учун барча омил ва имкониятлар сафарбар этилиб, ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Фарзандларимиз орасида турли соҳаларда янги иқтидор соҳибларининг кашф этилаётгани, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ҳаётида навқирон авлод вакиллари иштироки, фаоллиги сезиларли равишда ортаётгани бунинг натижасидир. Аммо бошқа бир томондан, ёшларимиз тарбиясида, одоб-ахлоқида, умуман, маънавиятида баъзи бир кемтиклар кузатилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Биргина мисол, ўғил-қизларимизда китоб ва китобхонликка эмас, виртуал оламга, мусиқа, театр, кино санъатининг мумтоз намуналарига эмас, енгил-елпи, бадиий савияси паст асарларга, миллий қадриятларимизга эмас, ғарбона одату қарашларга қизиқиш ва интилиш кучайиб бораётганини инкор қила олмаймиз. Тўғри, интернет ва илғор технологиялар асрида болаларимизни ташқи оламдан ажратиб қўйиш мумкин эмас. Бироқ айни ҳолатлар алалоқибат ёшларимизнинг турли туйнуклар орқали кириб келишга уринаётган маънавий-мафкуравий таҳдидлар таъсирига тушиб қолишига, уларда жамиятимизнинг инсонийлик ва ахлоқий ақидаларини менсимаслик кўникмаси, истеъмолчилик кайфияти илдиз отишига сабаб бўлиши ҳам бор гап.

Ички дунёси бой, иродаси бақувват, имон-эътиқоди бутун, виждони уйғоқ авлодни камолга етказмоқ учун, аввало, эртамиз эгаларини дастлабки қадамлариданоқ халқимизнинг маданий бойликларидан баҳраманд қилмоғимиз лозим. Бу эса, биринчи галда, адабиёт, санъат ва маданият соҳалари, оммавий ахборот воситалари вакилларидан чин маънода фидойиликни, масъулиятни талаб этади.

Президентимиз Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор — бу, аввало, халқимизга, келажагимизга эътибор эканини айтиб, “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват ҳар бир фуқаро қалбига кириб боришида ижод аҳлининг ўрни ва таъсири катта эканига урғу берди. “Агар “оммавий маданият” таҳдиди фақат четдан — ўарбдан кириб келади, десак, қаттиқ адашамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин”, дея давлатимиз раҳбари юртимизда нашр этилаётган айрим газета-журналлар, китобларни, суратга олинаётган баъзи клип ва киноларни, эфирга берилаётган қўшиқ ва рақсларни кузатган соғлом фикрли инсон ана шундай хулосага келиши табиийлигини қайд этди.

Ростдан ҳам, ҳозирги кунда бадиий ижод соҳасида маърифатсизлик, бошқача айтганда, жаҳолат кўринишлари, кишини ташвишга соладиган салбий тенденциялар мавжуд. Буларнинг объектив ва субъектив сабаблари кўп, албатта. Лекин ижод аҳли орасида ўз иқтидор ва салоҳиятини одамларга маънавий, эстетик озуқа бериш, дурдона асарлар устида ишлашга йўналтирмай, балки фақат иқтисодий фойда ортидан қувиб, ижодкор шаънини, ғурурини, санъатга садоқатини унутаётганлар учраётгани таассуфланарлидир. Президентимиз масаланинг ушбу жиҳатига тўхталар экан, “Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деб алоҳида таъкидлади. Мазкур соҳаларда юзага келган жиддий муаммо ва камчиликларни бартараф этишнинг самарадор амалий ечимларини кўрсатиб ўтди.

Шак-шубҳасиз, адабиёт ва санъат, маданият соҳаларидаги аҳволни тубдан яхшилаш билан боғлиқ аниқ мақсадли бу вазифаларнинг рўёбга чиқарилиши наинки юртимиз ижодкорларини янада изланишга рағбатлантиради, балки жамиятнинг маънавий юксалишига, айниқса, ёш авлоднинг миллий ғурур ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбияланишига замин яратади.

Сайёра АБДИКАРИМОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati