O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


“ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ
ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУННИНГ ИЖРО ЭТИЛИШИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

09.06.2017

2017 йил 9 июнь куни Наманган вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлисида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Наманган вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда Сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, “Маҳалла” фонди, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, фуқаролар йиғинларининг раислари ҳамда фаоллари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисда сенаторлар томонидан қайд этилганидек, юртимизда азал-азалдан бошқа мамлакатларда ўхшаши бўлмаган маҳалла институти тарбия ўчоғи ҳисобланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларимизни, халқимизнинг турмуш ва тафаккур тарзини кўз қорачиғидек асраб-авайлашда беқиёс ўрин тутади.

Мустақиллик йилларида маҳалла институтининг нуфузини ошириш нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки сиёсий, тарбиявий ва улкан маънавий аҳамиятга эга бўлган устувор вазифа сифатида белгиланиб, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда унинг ишончли таянч ва таъсирчан куч бўлиб хизмат қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Бу борада ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилувчи Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлари ва бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, улар ижроси амалиётда татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини оширишга, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришга, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, Наманган вилоятида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Бугунги кунда Наманган вилоятида 770 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатмоқда. Шундан 1 та шаҳарча фуқаролар йиғини, 769 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. 769 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 3 таси жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Фуқаролар йиғинларида 756 нафар фуқаролар йиғини раиси, 768 нафар масъул котиб, 768 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, 764 нафар “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари, шунингдек куни-кеча сайланган 1542 нафар фуқаролар йиғини раисининг ёшлар ва кексалар масалалари бўйича маслаҳатчилари жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғинларида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолатини яхшилаш, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, муқаддам судланган, ичкиликбозликка ружу қўйган, гиёҳвандликка чалинган фуқаролардан доимий хабардор бўлиш, уларнинг турмуш тарзи, муаммоларини ўрганиб бориш бўйича ижобий ишлар амалга оширилган.

Шу билан бирга, муҳокама чоғида сенаторлар томонидан Қонуннинг вилоятда ижро этилишини таъминлашда айрим камчилик ва хатоларга ҳам йўл қўйилганлиги алоҳида қайд этилди.

Жумладан, аксарият фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги комиссиялар ишини ташкил этишда амалдаги қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя этилмаган, иш режалари тузилмаган, аксарият фуқаролар йиғинларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мавжуд эмас.

Бундан ташқари, айрим фуқаролар йиғинлари раислари маҳалла фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари тўғрисида етарли тушунча ва билимга эга эмас, маҳаллаларда корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари томонидан фуқаролар йиғинларида улар фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан берилган ҳисоботлар тўғрисида баённомалар тўлиқ расмийлаштирилмаган, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳамда ички ишлар бўлимлари ходимлари билан ишлаш амалиёти, улар ўртасидаги ҳамкорлик тўлиқ йўлга қўйилмаган, 26 та фуқаролар йиғини хизмат бинолари улар балансига олинмаган, 119 та фуқаролар йиғини мебель жиҳозлари билан таъминланмаган.

Муҳокама давомида мажлис иштирокчилари сенаторлар томонидан қайд этилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган таъсирчан чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек улар профилактика инспекторларининг ишини маҳаллаларда, давлат идоралари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликда ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишни таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳар бир жиноят ходисасини, жиноятга сабаб бўлган омиллар ва шарт-шароитларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилган ҳолда фуқаролар йиғинларида маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама қилиш каби бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирдилар.

Мажлис якунларига кўра тегишли қарор қабул қилиниб, ижроси устидан назорат ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati