O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Чексиз меҳр ва юксак ҳурмат ифодаси

08.03.2017

Бугун юртимиз бўйлаб Халқаро хотин-қизлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мазкур айёмга бағишланган учрашувдаги нутқи барча аёллар кўнглини чексиз қувонч ва сурурга тўлдирди.

Мухтабар ҲУСАНОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

— Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир аёл чин маънода бахтли. “Наврўз” давлат қабуллар уйида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда қатнашиб, бунга яна бир бор амин бўлдик.

Мазкур тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг самимият ҳамда эҳтиромга йўғрилган нутқини ўзгача ҳаяжон билан тингладик. Ундаги ҳар бир эътироф ва миннатдорлик туйғуси ҳаммани бирдек тўлқинлантириб юборди. “Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз”, деди давлатимиз раҳбари.

Дарҳақиқат, бугун бир-биридан мунис, оқила опа-сингилларимиз, меҳридарё оналаримиз давлат ҳамда жамиятнинг доимий эътиборидадир. Бинобарин, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама кафолатлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитни яратиш, оила институтини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганки, бу борадаги изчил ислоҳотларнинг самарасини ҳар бир аёл орзу-умидларининг рўёбида яққол кўрмоқда.

Президентимиз мамлакатимиз хотин-қизлари давлат ҳамда бошқарув идоралари, вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва фермерлик тармоқларида, ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганини алоҳида эътироф этди. Қувонарлиси, давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасида ўз салоҳиятини, шижоатини намоён қилиб келаётган бундай опа-сингилларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ҳозирги пайтда юртимиз хотин-қизлари орасида 514 нафар фан доктори, 6 нафар академик, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 нафар сенатор, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати борлиги, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23 фоиздан зиёдини аёлларимиз ташкил этаётгани уларнинг республикамиз равнақида муносиб ўрин ва нуфузга эга эканини тасдиқлайди.

Мақсуда ВОРИСОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Айни дамда хотин-қизлар манфаатлари йўлидаги ташаббус ва амалий ишлар янада кенг қамров ҳамда жадал суръат касб этаётгани барчамизга яхши маълум.

Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан биргаликда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, ҳудудларнинг ривожланиш даражасини яқиндан ўрганмоқдалар. Бундан ташқари, давлат ва жамоатчилик вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳлари халқнинг ичига кириб бориб, одамларни ўйлантираётган масалалар билан танишиш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги мавжуд муаммо ҳамда камчиликларни бартараф қилиш -жараёнига кенг жалб этилган. Мана шундай ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар, биринчи навбатда, оилаларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Оилада соғлом ижтимоий-маънавий муҳит ва фаровонлик барқарор бўлса, демак, бу оиланинг бекаси бахтли бўлади. Чунки табиатан аёл зоти ўз бахтини, аввало, оиласидаги хотиржамлик ҳамда фарзандларининг камолоти билан чамбарчас боғлайди. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида юртимиз аёлларига қарата миннатдорлик билан айтилган мана бу сўзларни келтирмоқ жоиздир:

“Сизларнинг меҳр-муҳаббатингиз, вафо ва садоқатингиз, фидойилигингиз сабабли ҳаётимиз чароғон. Сизлар туфайли оилаларимизда тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳукм сураётгани учун барчангизга ҳар қанча тасанно айтсак, арзийди, -албатта”.

Бундай юксак эътибор, қайноқ меҳр, эътироф ҳар биримизни беҳад руҳлантириб юборди.

Дилдор АМИНОВА, Косон туманидаги “Барчиной издошлари” фермер хўжалиги раҳбари:

— Фахр билан айтиш мумкинки, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, интеллектуал, ишбилармонлик салоҳиятини кучайтиришга йўналтирилган амалий чора-тадбирлар опа-сингилларимизга барча соҳада ўз -иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар эшигини очди. Айниқса, аёлларнинг оиладаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида улар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётгани ўз самарасини бераётир. Фаолиятим мисолида айтадиган бўлсам, ҳам фермер, ҳам тадбиркор сифатида юртимизда биз учун яратилган қулайлигу имтиёзлардан оқилона фойдаланишга ҳаракат -қилмоқдаман.

Давлатимиз раҳбарининг Халқаро хотин-қизлар куни олдидан биз, аёллар билан учрашувда юртимизда аёллар ҳамда ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш мақсадида 2017 йилда тадбиркор аёллар учун 1 триллион сўм, таълим муассасаларини битириб чиқадиган 10 мингга яқин ёшларимиз учун 60 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилмоқда, деган фикрлари ишбилармон опа-сингилларимизни қўллаб--қувватлаш борасидаги ишлар янада кенгайишидан далолат беради. Буларнинг барчаси хотин-қизларнинг давлат ҳамда жамият ҳаётидаги фаол иштирокини, қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари
Фарида МАҲКАМОВА,
Зиёда АШУРОВА ёзиб олди.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9644-cheksiz-me-r-va-yuksak-urmat-ifodasi

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati