O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Халқ вакиллари аҳоли талаб ва истакларини ўрганмоқда

09.02.2017

Наманган вилоятининг Чуст туманида ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳолининг кундалик ҳаётда учраётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, уларга ҳар томонлама муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кенг қамров касб этмоқда. Мазкур жараёнда халқ вакиллари ҳам фаол қатнашаётгани эътиборга молик.

Наманган вилоятининг Чуст туманида ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳолининг кундалик ҳаётда учраётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, уларга ҳар томонлама муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кенг қамров касб этмоқда. Мазкур жараёнда халқ вакиллари ҳам фаол қатнашаётгани эътиборга молик.

Халқ депутатлари Чуст тумани Кенгашининг куни кеча бўлиб ўтган сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари маҳаллий ҳокимият, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, хизмат кўрсатиш идораларининг халқ манфаати йўлида бажараётган ишларини ўрганиш натижалари атрофлича кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати аъзоларидан иборат гуруҳ Чуст тумани маркази ва қишлоқлардаги жами 800 га яқин хонадонга кириб, уларнинг яшаш шароити, эҳтиёж, таклиф ҳамда муаммолари билан яқиндан танишди. Мана шундай очиқ мулоқотлар асносида 1 минг 200 дан зиёд муаммоли масалалар ўртага ташланди. Аксарияти уй-жой-коммунал хизмати кўрсатиш, тиббий хизмат, таълим, бандлик, ижтимоий инфратузилма билан боғлиқ ушбу масалаларнинг 347 таси бевосита жойида депутатлар кўмагида ҳал этилди.

Хусусан, туманда томорқа хўжалиги ва ҳунармандчиликни ривожлантириш имкониятлари етарли бўлишига қарамай, бор-йўғи, 13 та оилавий тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётгани айни йўналишдаги ишларни такомиллаштириш заруратини кўрсатади. Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” маркази орқали давлат хизматлари кўрсатишда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини асоссиз чўзиб юбориш ҳолатларига йўл қўйилаётгани, табиий газ, электр энергияси ҳамда ичимлик суви таъминотидаги узилишлар кичик корхона ва фирмалар, бошқа субъектлар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлаётгани ҳам эътирозларни келтириб чиқармоқда. Туманда саккизта маҳалла фуқаролар йиғинига ичимлик суви тармоғини тортиш масаласи долзарб вазифалардан саналади. Маҳаллий аҳамиятга молик, қолаверса, хўжаликлараро автомобиль йўлларини таъмирлаш борасида камчиликлар мавжуд.

Сессияда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросида кўзбўямачилик ҳолатлари кузатилаётгани танқид қилинди. Тумандаги қатор корхона, ташкилот, муассасалар томонидан квоталанган иш ўринларини ташкил этиш мажбурияти бажарилмаяпти. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича тўрт томонлама шартнома шартларига иш берувчилар томонидан тўлиқ риоя қилмаслик ҳолатлари учраб турибди.

Ижтимоий соҳа — таълим муассасалари аҳволи ўрганилганида, умумтаълим мактабларига спорт зали, қўшимча ўқув биноси қуришда, мактаб кутубхоналари фаолиятини яхшилаб, уларга бадиий адабиёт ва методик қўлланмалар етказишда ечимини кутаётган муаммоларга дуч келинди. Айрим мактабларда мавжуд спорт жиҳозларидан ўқувчилар мунтазам фойдаланиши учун шароит яратилмаган.

Қишлоқ врачлик пунктларидаги патронаж ҳамшираларининг ҳаммаси ҳам иш вақтидан тўғри фойдаланмаётгани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Кўпгина ҚВПларда умумий амалиёт шифокори етишмайди.

Узоқ йиллик тарихга эга Чуст шаҳри ҳамда унинг қишлоқлари гўзал табиати, осориатиқалари билан барчани жалб этиб келади. Шунга қарамай, ҳудудда туризмни ривожлантиришга жиддий ёндашилмаяпти. Ёз мавсумида юз минглаб меҳмон ташриф буюрадиган туман маданият ва истироҳат боғидаги аттракционлар эскирган. Боғ ҳудудини кенгайтириш, бу ерда автотураргоҳ ҳамда бошқа қўшимча шохобчалар қуриш орқали 500 та иш ўрни яратиш мумкин.

Сессия кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилиш жараёнида халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятини янада жонлантириш, сайёр қабул, депутат сўрови имкониятларидан самарали фойдаланиш давр тақозоси экани айтиб ўтилди.

Халқ депутатлари Чуст тумани Кенгаши сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев сўзга чиқди.

Йиғилишда тегишли ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

* * *

Халқ депутатлари Бувайда тумани Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Фарғона вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари, вилоят ва туман мутасаддилари, қатор хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган тадбирда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Бунда асосий эътибор халқ вакиллари томонидан аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар чоғида тумандаги ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ҳамда хизмат кўрсатиш идоралари фаолиятига доир олинган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва муаммоларга қаратилди.

Шунингдек, тумандаги ижро ҳокимияти, прокуратура, ички ишлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар фаолияти ўрганилиб, уларнинг иш самарадорлиги таҳлил этилди.

Таъкидланганидек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш борасида бир қатор ишлар бажарилган. Бироқ камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, “Янгиқўрғон” ҚФЙ туман марказига яқин бўлса-да, коммунал соҳа билан боғлиқ муаммолар йиғилиб қолган. Депутатлар, Сенат аъзолари ўрганиш жараёнида уй-жой, электр энергияси, тоза ичимлик суви борасида муаммолар мавжудлигига гувоҳ бўлишди.

Белгиланган муддат давомида депутатлар ва сенаторлар ердан самарали фойдаланаётган томорқа эгалари, тадбиркорлар фаолияти билан атрофлича танишди. Улар ишига тўсиқ бўлаётган муаммоларга эътибор қаратилди. Тадбиркорлик субъект-ларини самарали ташкил қилишда электр ҳамда газ таъминотидаги муаммолар ҳамон тўсиқ бўлаётгани билдирилди.

Йиғилиш давомида қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида прокуратура, ички ишлар ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг фаолиятини янада жонлантириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Тумандаги инфратузилма объектларининг жойлашуви таҳлил қилинганида, бозорларни жойлаштиришда бир қатор -муаммолар мавжудлиги аён бўлди. Мисол учун, “Жалоер” ҳамда “Янгиқўрғон” ҚФЙлар бир-бирига яқин жойда жойлашган бўлиб, уларнинг ҳар иккаласида бозорлар ташкил этилган бўлса-да, марказдан 16 км. масофада жойлашган “Қўрғонобод” ҚФЙда бирорта бозор ташкил этилмаган.

Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратишга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятига ҳам танқидий баҳо берилди. Хусусан, депутатлар ўз фаоллигини янада ошириши лозимлигига алоҳида урғу берилди.

Сессияда сўзга чиққанлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари халқ билан бевосита мулоқот асосида жойлардаги ҳақиқий аҳвол ва мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, унинг натижаларини маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда муҳокама этаётгани инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Шу билан бирга, маҳаллий Кенгаш ҳамда унинг депутатлари фаолиятини, айниқса, депутатлик назоратини тубдан кучайтириш лозимлиги ҳақида фикр юритилди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида халқ вакилларининг бевосита жойларга чиқиб, аҳоли билан мулоқот ўтказаётгани, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти тўғрисида тушунтириш олиб борилаётгани, албатта, депутатлар фаолиятига ва қонун ижодкорлиги жараёнига ижобий таъсир кўрсатиши қайд этилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев сўзга чиқди.

Йиғилишда тегишли ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/9449-khal-vakillari-a-oli-talab-va-istaklarini-rganmo-da

 

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati