O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Одамларни рози қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш — пировард мақсад

09.02.2017

Жорий йил 8 февраль куни селектор тарзида бўлиб ўтган халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгаши сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларни ўрганиш якунлари муҳокама этилди.

Аввал хабар қилинганидек, халқ вакиллари жойларда, хусусан, Оролбўйининг Чимбой туманида ҳам бўлиб, хонадонларга ташриф буюриб, аҳоли кенг қатлами билан очиқ ва амалий мулоқотларни олиб бормоқда. Тадбиркорлик субъектлари, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, маҳаллалар, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш муассасалари фаолияти билан танишилаяпти. Тумандаги ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, шунингдек, хизмат кўрсатиш идоралари томонидан инсон манфаатлари устуворлиги йўлида бажарилаётган аниқ чора-тадбирлар холис ва чуқур ўрганилаётир.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирлар давомида фуқароларимизнинг мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳаётидаги ўзгариш ҳамда янгиланишлар, туб ислоҳотларни мамнуният билан қўллаб-қувватлаётганини кўрсатмоқда. Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қатор Фармон ва қарорлар, чунончи, иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ҳамда стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга, тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишни янада яхшилашга йўналтирилган муҳим ҳужжатлар жамиятда ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар томонлама қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, пировардида халқимизнинг турмуш фаровонлигини изчил юксалтиришга хизмат қилиши эътироф этилаяпти.

Хусусан, олис Чимбой туманида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари сони тобора ошиб бормоқда. Ўз навбатида, уларга ҳудуддаги тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилишига ҳам катта эътибор қаратилаётир. Бизнес соҳаси вакиллари ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйган, ишбилармонларга давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгаши сессиясида эришилаётган натижалар билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигига урғу берилди. Тумандаги мутасадди идоралар фаолиятида аҳоли бандлиги масаласига юзаки қараш, расмиятчилик каби ҳолатлар учрамоқда. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга тўлиқ жойлаштириш вазифалари долзарб бўлиб турибди.

Шунингдек, ҳудудда тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини, жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини, аҳолига дори воситалари ҳамда дори-дармонлар етказиб бериш тизимини янада яхшилаш зарур.

Қолаверса, туманда савдо ва маиший, коммунал хизмат кўрсатиш даражасини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. “Тазғара”, “Бахытлы”, “Қамыс-арық”, “Қызыл-озек”, “Тағ-жап” ҳамда “Кенес” фуқаролар йиғинларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари етарли эмас. Аҳолини электр энергияси ҳамда газ билан таъминлашда ҳам муаммолар мавжуд ва бу фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Сессияда барча жабҳада қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни, шунингдек, прокуратура, ички ишлар ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарларининг халқ олдидаги ҳисоботларини эшитиш тизимини такомиллаштириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини, партия гуруҳлари, доимий комиссияларнинг ташаббускорлигини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни Кенгаш йиғилишларида тизимли равишда муҳокама қилиб бориш, депутатлик назоратини кучайтириш айни заруратдир.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов сўзга чиқди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9451-odamlarni-rozi-ilish-turmush-farovonligini-oshirish-pirovard-ma-sad

 

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati