O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Олий Мажлис ва АҚШ Конгресси: парламентлараро алоқаларнинг янги босқичи

08.11.2017

Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат Ўзбекистон делегацияси шу кунларда АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб турибди. Делегация АҚШ Конгрессида қатор учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Хельсинки комиссияси раиси, сенатор Рожер Уикер, Чет эл ишлари бўйича қўмита катта аъзоси Элиот Энжел ҳамда етакчи конгрессменлар билан музокаралар олиб борилди. АҚШ Сенатининг халқаро муносабатлар масалалари бўйича қўмитаси катта мутахассислари ҳамда Конгресс тадқиқот хизмати экспертлари билан амалий мулоқотлар ўтказилди.

Америкалик сиёсатчиларга мамлакатимизда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида рўёбга чиқарилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Парламентнинг давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатидаги ролини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлисга ижро органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича кенг ваколатлар берилгани қайд этилди. Ички ва ташқи сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан парламент эшитувлари амалиёти йўлга қўйилди. Депутатлар ҳамда сенаторлар жойларда сайловчиларнинг муаммоларини бевосита ҳал қилиш мақсадида ўз фаолиятини янада кучайтирди.

АҚШ Конгресси вакиллари Ўзбекистон ташқи сиёсати фаоллашганини қўллаб-қувватлашларини билдирди. Тошкентнинг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни изчил кенгайтириб бораётгани Марказий Осиё минтақасида мутлақо янги сиёсий муҳитни шакллантириш имконини яратди. Республика ривожланган ўарб мамлакатлари, шу жумладан, Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кен-гайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил сентябрь ойида АҚШга ташрифи, Ўзбекистон — Америка бизнес форуми натижаларига юксак баҳо берилди.

Музокараларда парламентлараро алоқаларни, жумладан, икки мамлакат парламентлари аъзолари ва девонлари ходимлари ўзаро ташриф алмашувларини ташкил қилиш орқали чуқурлаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Делегация аъзолари АҚШ штатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам ташриф буюришади.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/11853-olij-mazhlis-va-a-sh-kongressi-parlamentlararo-alo-alarning-yangi-bos-ichi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati