O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Суд-ҳуқуқ ислоҳотларида муҳим босқич

08.04.2017

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, мустақилликнинг илк йилларидан мазкур соҳани демократик ва умуминсоний тамойилларга мувофиқ ислоҳ этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг сифат жиҳатидан янги поғонага чиқишидан далолат беради.

Мамлакатимиз Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият экани белгиланиб, айни мезон асосида барча соҳада қонун устуворлигини ва қонунийликни, фуқаролар манфаатларини таъминлаш, одил судловга эришиш мақсадида изчил ислоҳотлар рўёбга чиқарилди. Шу ҳақда сўз юритганда, Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳада янги саҳифа очганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиздир.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида қабул қилинган “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларига, шунингдек, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига инсон ҳуқуқлари устуворлиги, суд муҳокамасининг адолатли ва ўз вақтида ўтиши, жазонинг одиллиги ва инсонийлиги кафолатларини кучайтириш ҳамда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш, мурдани эксгумация қилишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилиши, назорат инстанциясининг вазифалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари ва Раёсатига юклатилганлиги сабабли Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ҳамда улар раёсатининг ишларни назорат тартибида кўриш ваколатлари чиқариб ташланиши, тегишли суд раислари ва прокурорларининг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатлари бекор қилиниши мақсадга мувофиқ, албатта. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар “Хабеас корпус” институти қўлланилишини янада кенгайтиришга, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга, суд қарорларининг қонунийлиги, шунингдек, суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этишга асос яратади.

Бундан ташқари, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган кечиримлилик, бағрикенглик, йиқилганни суяш каби эзгу хислатларига ҳамоҳанг равишда Жиноят кодексида белгиланган жазо тизимидан “қамоқ” жазоси чиқариб ташланиб, “мажбурий жамоат ишлари” жазо тури киритилгани эътиборга молик жиҳатдир. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, республикамизда 2014 — 2016 йилларда 3 минг 315 та жиноят иши бўйича 3 минг 464 нафар шахсга нисбатан “қамоқ” жазоси тайинланган. Аммо ушбу жазонинг қўлланилиши етарли даражадаги профилактик таъсирга эга эмаслиги амалиётда қайта-қайта ўз исботини топган. Шу маънода, маҳкумнинг қамоқ ўрнига мажбурий жамоат ишларига жалб қилиниши шахснинг қайта тарбияланишига имкон беради. Бошқача айтганда, жиноий жазолар тизимидан нисбатан қаттиқ таъсир чораларидан бири чиқарилгани суд-ҳуқуқ ислоҳотларини либераллаштириш, соҳада адолатлилик ва инсонпарварликни қарор топтириш йўлида олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Ушбу Қонун нормаларининг ҳаётга татбиқ этилиши суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга туртки беради. “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғоя ўзининг амалий тасдиғини топади.

И. КАРАТАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9860-sud-u-u-islo-otlarida-mu-im-bos-ich

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati