O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-Президенти Ф.Беннетт
бошчилигидаги делегация ташрифи тўғрисида

07.11.2017

7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Сенат Раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикасининг Европа тикланиш ва тараққиёт банкидаги миллий бошқарувчиси С.Сафоевнинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки биринчи вице-Президенти Ф.Беннетт бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш, иқтисодиётнинг турли секторларини ривожлантириш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш каби масалаларда фаол ҳамкорлик олиб борилаётганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон томони Европа тикланиш ва тараққиёт банкига Банк Директорлар кенгаши республикадаги кичик ва ўрта бизнесга кредит маблағларини ажратишни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилганлиги учун миннатдорчилик билдирди. Жорий йилнинг 18 октябрь ва 1 ноябрь кунлари Директорлар кенгаши Ўзбекистонга 120 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит маблағларини ажратиш тўғрисидаги қарорни Мамлакатлар бўйича стратегия қабул қилинишидан аввал бир овоздан маъқуллади, бу эса мисли кўрилмаган воқеа бўлди.

Делегация раҳбари Ф.Беннетт Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди ҳамда Банк билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истаги учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди.

Бўлиб ўтган суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича, шунингдек Банкнинг Ўзбекистонга оид ўртача муддатга мўлжалланган истиқболдаги стратегияси лойиҳаси устида олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш, шу жумладан фонд биржасини модернизациялаш, қимматли қоғозлар бозорини такомиллаштириш ҳамда халқаро капитал бозорига Ўзбекистоннинг чиқишини таъминлаш борасида Банк билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама этилди.

ЕТТБ делегацияси ташрифи давомида Олий Мажлис Сенати томонидан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қўшма тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, Европа банки экспертлари Ўзбекистоннинг инвестиция муҳитини такомиллаштиришга бағишланган Халқаро давра суҳбатида, Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун мўлжалланган семинар-тренингда ҳамда Европа банкининг Тошкент шаҳридаги офиси очилишида иштирок этадилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati