O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


ХАЛҚАРО ПРЕСС-КЛУБДА СЕНАТ ФАОЛИЯТИНИНГ ОЛТИ ОЙИ ЯКУНЛАРИ САРҲИСОБ ВА ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

07.07.2017

2017 йил 7 июль куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Медиамарказида Халқаро Пресс-клуб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан ҳамкорликда ташкил этилган “Сенат олти ойда: сарҳисоб ва таҳлил” мавзуида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда Сенат қўмиталари раислари ва уларнинг ўринбосарлари, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар, Сенат девони ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, экспертлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Очиқ мулоқот тарзида кечган Халқар Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнидаги фаолияти Сенат Қўмиталари кесимида сарҳисоб қилинди.

Ҳисобот даврида Олий Мажлис Сенатининг иккита ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Уларда 16 та қонун муҳокама этилди. Макзур қонунларнинг 2 таси янгидан ишлаб чиқилган, 8 таси амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчлар киритиш, 6 таси халқаро ҳужжатни ратифакация қилишга оид ҳужжатлардир.

Шунингдек, Сенатда дипломатик корпус, хорижий делегациялар вакиллари, халқаро компаниялар ва молия институтлари билан 80 дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида сенаторлар томонидан демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлиснинг ролини янада кучайтириш Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганлиги қайд этилди.

Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, Давлат ҳокимияти тизимида парламент ролини кучайтириш, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда. Сайловчилар билан ўзаро алоқа йўлга қўйилган. Сенат аъзолари ҳар ойда 10-12 кун республика туманларидаги ишларнинг ҳолатини ўрганадилар.

Шунингдек, Сенатнинг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш комиссиясининг йиғилишлари ўтказилиб, ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти, ушбу йўналишдаги тизимли камчилик ва муаммоларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилди. Муҳокама якуни бўйича Комиссиянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Бундан ташқари, Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришнинг ҳуқуқий асослари ривожлантирилмоқда. Жойлардаги ишларнинг ҳолатини давлат органлари билан ҳамкорликда парламент аъзолари томонидан ўрганиш давомида ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига қонунларнинг таъсирини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

Янги қабул қилинган қонунлар ва қарорларни ижрочиларга етказишга, қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва таклиф этилган экспертлар журналистларнинг кўплаб саволларига жавоб бердилар.

Эндиликда бундай очиқ мулоқотлар мунтазам ўтказиб борилишига келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati