O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


«Темурбеклар мактаби»

07.07.2017

Ёшларимизни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади

Юртимиз ёшларининг бахти кулган, истиқболи порлоқ. Уларнинг замонавий билимларни эгаллаши, ўзлари қизиққан соҳада меҳнат қилиши, истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган.

Бундан қувонмай, фахрланмай, бугунги йигит-қизларга ҳавас қилмай бўладими?! Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кеча матбуотда эълон қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони бу йўналишдаги ишларни тубдан ўзгартиришга қаратилганлиги билан юксак аҳамият касб этади. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқи нафақат эртамиз эгалари, шу билан бирга, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросини руҳлантиргани, тўлқинлантиргани бежиз эмас. Бу нутқ замирида ёшларга нисбатан улкан меҳр мужассам, десак, асло муболаға бўлмайди.

Фармонга мувофиқ, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш мақсадида Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил қилинди. Мазкур иттифоқ ташкил топган кун — 30 июнь санаси эса мамлакатимизда “Ёшлар куни” сифатида нишонланади. Бинобарин, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотларда йигит-қизларимиз фаоллигини ошириш билан боғлиқ бир қатор янги ва муҳим вазифалар қўйилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи республикамизда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминловчи, “Ёшлар — келажак бунёдкори” шиори остида профессионал фаолиятни амалга оширувчи тузилмага айлангани ҳам ҳар бир йигит-қизга улкан масъулият юклайди. Қолаверса, буюк давлат арбоби соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари эртамиз эгалари учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олиб, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилиши шу азиз ва жонажон Ватанимизнинг ҳар бир фуқаросига ифтихор бахш этади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда турли соҳа ва тармоқларда юксак натижа ҳамда ютуқларга эришаётган йигитларни тақдирлаш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга -ошириш, ўқиш, меҳнат ва жамоат ишларида ҳар томонлама фаол қатнашаётган йигит-қизларни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилиши ҳам навқирон фарзандларимизга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Айниқса, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилганидан, аввало, оддий бир фуқаро, қолаверса, бир ижодкор сифатида жуда қувондим. Негаки, бу дунёда касб кўп, ҳунар кўп. Айтишларича, уларнинг сони икки мингдан ошаркан. Йигит кишига энг ярашадигани, муносиби қайси? Бу саволга тўрт минг йил муқаддам ҳозирги Навоий вилоятидаги Сармишсой қояларига туширилган суратлардан жавоб топишимиз мумкин. Бизгача аниқ-тиниқ етиб келган минглаб петроглифлар орасида даранинг шундоққина кираверишидаги харсангга солинган, қўлида найза тутиб, шижоат, қатъият билан турган сарбоз сурати яққол ажралиб кўринади. Ушбу суратга мактабдаги тарих китобларида кўзингиз кўп тушган. Юқоридаги саволга мозийнинг синовлардан ўтган жавоби шу: йигит кишига энг ярашиқли касб-кор — Ватан ҳимояси, ҳарб ишидир! Қадим битиклардан келган йитмас ҳикматларда ҳам туғилган ерини асролмаган кимса ўз оиласини, ўз жонини, ўз келажагини сақлолмаслиги уқтирилади! Айни ҳақиқат халқимизнинг асрлар оша безавол яшаб келаётган мерганлик, кураш, кўпкари каби ўйинларига ҳам сингиб кетган. Зеро, ёвқур боболар келажак наслларни мард ва олижаноб, ўз юртини, ор-номусини ҳимоялашга қодир авлод сифатида тарбия-лашни бош мақсад, деб билган.

Кўп мингйиллик тажрибалар жам бўлган халқ ўйинларидаги жисмоний чиниқиш машқларини такомиллаштириб, услубий-илмий-тактик тизимга солиб берган буюк саркарда Амир Темур бобомиз қошида етти иқлим бош эгган. Жаҳоннинг манаман деган ҳарбий академиялари XXI аср тараққийсида туриб Темур бобомизнинг жанг санъатини дарслик сифатида жиддий ўрганаётгани бежиз эмас. Биз аждодимизнинг муносиб ворислари улуғ соҳибқирон жорий этган, дунёга дастуриламал бўлган тузуклардан кўпроқ ва хўброқ фойдаланишга ҳақлимиз ва бурчлимиз. Зеро, Амир Темур салтанатининг асоси бўлган “Куч — адолатда!” тамойили бугун ҳам бизни юксак ғалабаларга чорлаб турибди.

Ёшларимиз, умуман, халқимизнинг ҳаётида муҳим ўзгаришларга сабаб бўлган қурултойда Президентимиз Шавкат -Мирзиёевнинг маърузаси мамлакатимиз тараққиётининг навбатдаги тамал тошини қўйди: кўпгина ҳаётбахш таклиф ва тавсиялар қаторида бошланғич ҳарбий таълим муассасаларини “Темурбеклар мактаби” деб номлаш борасидаги мулоҳаза катта қувонч билан кутиб олинди. Чунки бу масканларга улуғ ном билан қутлуғ шаън қайтди. “Темурбеклар мактаби”да буюк халқим, азиз Ватаним деган чинакам мард ўғлонлар камол топади.

— Тарихдан маълумки, Амир Темур ўз ўғилларига, набираларига танлаб-танлаб, ҳар томонлама чуқур ўйлаб исм қўйган, — дейди Яшнобод туманидаги “Темурбеклар мактаби” директори ўринбосари, подполковник Қамбарали Азизов. — Исм — қисматдир, деган гап азалдан халқимиз орасида машҳур. Шу маънода бизга жуда катта шараф ва мажбурият юкланди. “Темурбеклар мактаби” устозларию тингловчилари бошқалардан бир қадам олдинда юришга, бу билан Олий Бош Қўмондонимиз — Президентимиз ишончини оқлашга масъулмиз. Худди шундай фикрлар мамлакатимиздаги бошқа ҳарбий таълим муассасалари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари фаолларининг жойлардаги халқ билан мулоқотларида ҳам қайта-қайта таъкидланаяпти. Каттаю кичикнинг азму қарори битта: Темурбекка хос шижоат билан туну кун раият фароғати йўлида хизмат қилаётган Йўлбошчига сидқидилдан эргашамиз!

Бинобарин, жўшқин ва изчил ислоҳотларнинг туб моҳиятида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, одамларнинг розилиги мужассамдир.

Иқбол МИРЗААЛИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, сенатор.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10593-temurbeklar-maktabi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati