O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


СЕНАТОРЛАР “ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДА”ГИ ЎЗБЕКИСТОН
РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИНГ ИЖРО ЭТИЛИШИНИ
МУҲОКАМА ҚИЛДИЛАР

06.06.2017

Жорий йилнинг 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ўрта-махсус, касб-ҳунар таълимига доир қисмининг Фарғона вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижаларига бағишланган видеоселектор тарзидаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва ташкилотлар вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг раҳбарлари, олий ўқув юртлари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” фонди, “Камолот” ЁИҲнинг ҳудудий тузилмалари мутасадди вакиллари, ўрта махсус, касб-ҳунар коллежи директорлари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисда қайд этилганидек, Фарғона вилоятида “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижро этилишини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилган. Вилоятнинг 12 та академик лицейи ва 145 та касб-ҳунар коллежида 137 мутахассислик бўйича 161 953 нафар йигит ва қиз таълим олмоқда.

Сўнгги йилларда вилоятдаги ҳар бир туман ва шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 26 та касб-ҳунар коллежида 15 та касб бўйича кадрлар тайёрлаш тўхтатилди. Охирги уч йилда 70 дан ортиқ касб-ҳунар коллежида 62 та касб бўйича янги йўналишлар очилди. Жумладан, Фарғона саноат, Қўқон политехника, Марғилон хизмат кўрсатиш ва сервис коллежлари коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги кадрларни тайёрлаш бўйича таянч таълим муассасалари этиб белгиланган.

Фарғона вилоятининг ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва жиҳозлар билан таъминланганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, мажлисда Қонуннинг ўрта-махсус, касб-ҳунар таълимига доир қисмини ижро этиш масаласида йўл қўйилган айрим камчилик ва хатоларга эътибор қаратилди. Масалан, айрим туманларда умумтаълим мактабларининг барча битирувчилари ҳам академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилинганлари йўқ. Ўқувчиларнинг билим савияси паст даражада. Айрим таълим муассасаларида компьютерлар етишмайди, компьютер техникасининг 10 фоизи ишга яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Шунингдек, ўқув-лаборатория жиҳозлари тўлиқ ишга солинмайди. Аксарият касб-ҳунар таълими муассасаларида тўгарак машғулотлари сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган. Ўқув адабиётлари билан таъминланиш даражаси 12 фоизни ташкил этиб, касбий фанлардан 3 190 дона ўқув дарсликка эҳтиёж мавжуд.

Бундан ташқари, айрим академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг бинолари ва иситиш тизимларини таъмирлаш, уларни зарур инвентарь ва ускуналар билан жиҳозлаш зарур. Таълим муассасаларининг 50 фоизида ошхоналар иши йўлга қўйилмаган.

Ишлар ҳолатини ўрганиш шуни кўрсатдики, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасида статистик ҳисоботларга қўшиб ёзиш, сохта маълумотлар бериш ҳолатлари мавжуд. Педагог кадрлар етишмаслиги туфайли лицей ва коллежларда тегишли малакага эга бўлмаган кадрларнинг ишлашига рухсат берилган.

Мажлис якунида сенаторлар ва иштирокчилар мавжуд камчиликларни бартараф этишга ҳамда Фарғона вилояти давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мазкур Қонун ҳамда таълим соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг оғишмай ижро этилишини таъминлаш борасидаги фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди. Қарор манфаатдор вазирликлар ва идораларга юборилади ҳамда унинг ижроси устидан парламент назорати ўрнатилади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati