O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ижобий тажрибалар оммалаштирилмоқда

06.06.2017

Шу кунларда Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссияси ишчи гуруҳлари республикамизнинг барча ҳудудида фаол иш олиб бормоқда.

Парламент аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ички ишлар органлари, таянч пунктлари ва маҳалла фуқаролар йиғини, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини атрофлича ўрганмоқда. Бундай ўрганишлар Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ҳам ўтказилаяпти.

Янги тизим асосида ташкил қилинаётган мазкур парламент ҳамда жамоатчилик назорати тадбирларида ижобий ютуқлар эътироф этилиб, уларни оммалаштириш чоралари белгиланаётир. Айни пайтда камчилик ва нуқсонларга йўл қўйган тузилмалар фаолияти кенг жамоатчилик иштирокида танқидий-таҳлилий кўриб чиқилмоқда ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг амалий ечимлари изланмоқда.

Қибрай тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қатор маҳаллаларда бирорта ҳам жиноят содир қилинмагани қайд этилди. Улар орасида “Тараққий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам бор. Йиғинда йўналишлар бўйича жамоатчилик комиссияларининг иши намунали йўлга қўйилган. “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолиятидан кўпчилик мамнун. Чунки улар ҳамиша одамлар орасида, ички ишлар органлари ходимлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

— Давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаш, фуқароларда дахлдорлик туйғусини ошириш борасидаги тажрибаларимиз туфайли ана шундай натижани қўлга киритдик, — дейди йиғин раиси Акром Абдуллаев.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан туманда амалга оширилган дастлабки ўрганишларни муҳокама қилиш чоғида бу ва Илғор, Бунёдкор, Фидокор, Мевазор, Баҳор каби маҳаллалар фаолиятига юқори баҳо берилди. Туман бўйича жиноятларнинг умумий сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан камайган. Лекин бу хотиржамликка асос бўла олмайди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, жорий йилнинг беш ойи мобайнида туманда 221 жиноят содир этилган. Оғир турдаги жиноятлар 6 тага, ўғирлик 22 тага, талончилик 3 тага, қасддан оғир тан жароҳати етказиш биттага кўпайган.

Муҳокаманинг эътиборли жиҳати шундан иборат бўлдики, жиноят содир қилинмаган маҳаллаларнинг раислари, посбонлари, маслаҳатчилари ҳамда профилактика инспекторлари ўзларининг ижобий иш тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Бу эса, айниқса, жиноятлар нисбатан кўпроқ содир этилган Соҳибкор, Шарқ, Май, Шалола каби маҳаллалар учун ибрат намунасини ўтади. Ушбу маҳаллалар фаолияти атрофлича таҳлил ҳамда холис танқид қилиниб, тегишли тавсиялар берилди.

Шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳияти йиғилганларга атрофлича тушунтирилди.

Сенат комиссияси ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этмоқда.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/10348-izhobij-tazhribalar-ommalashtirilmo-da

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati