O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Очиқ ва халқпарвар сиёсатнинг ёрқин ифодаси

05.10.2017

Парламентимиз юқори палатасининг ўн иккинчи ялпи мажлисида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига тааллуқли қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди. Муҳокамалар жараёнида сенаторлар кун тартибига қўйилган масалаларнинг аҳамияти ниҳоятда муҳим эканлигини қайд этишди. Мухбиримиз бу ҳақда ялпи мажлис иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Тожибар ЮЛДАШЕВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси (Андижон вилояти):

— Дарҳақиқат, Сенатнинг навбатдаги мажлисида бир қанча масалалар қаторида, “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида Шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун муфассал кўриб чиқилди. Айтиш жоизки, мазкур ҳужжат икки халқ ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга, икки давлат манфаатлари -муносабатларини ривожлантиришга қаратилгани билан тарихий аҳамиятга эга.

Маълумки, ўзбек-қирғиз халқлари азалдан аҳил-иноқ, қариндош-уруғ, қуда-анда бўлиб яшаб келган. Юртимизнинг қўшни Қирғизистон билан чегарадош туманида ўз фаолиятимни олиб бориш давомида ҳудудимиздаги қирғиз миллати вакиллари билан -доимо биргаликда, ёнма-ён, елкама-елка туриб меҳнат қилиб келамиз. Вилоятимизда 20 дан ортиқ мактабларда қирғиз тили ўқитилади. Андижон давлат университетида қирғиз тили ва адабиёти йўналишида талабалар таҳсил олади.

Очиғини айтганда, икки давлат раҳбарлари томонидан чегара тўғрисидаги шартнома имзолангунга қадар чегара ҳудудидаги қирғиз ҳамда ўзбек миллатига мансуб аҳоли ўзаро тўй ва маъракаларда чақирув телеграммаси орқали кўришиб туришарди. Асрлар давомида бирга яшаган икки қўшни халқ вакиллари бу кунни кўпдан бери кутаётган эди. Бу, айниқса, Фарғона водийсининг чегарадош ҳудудида истиқомат қилувчи одамларнинг яқинлари билан дийдорлашуви учун жуда катта қулайлик яратди. Қисқаси, икки халқ-нинг чегарадаги учрашуви тўйга айланиб кетди. Ушбу катта анжуманда 7 ёшдан 70 ёшгача, яъни ёшу қари иштирок этиб, Президентимизга ўз ташаккурларини билдирдилар.

Муҳаммаджон МАҚСУДОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси (Наманган вилояти):

— Бугун Фарғона водийсидаги Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари аҳолиси Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан чексиз миннатдордир. Чунки давлатимиз раҳбарининг Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи биргина сиёсий тадбир эмас, балки юз минглаб инсонларнинг тақдирида, ҳаётида ўчмас из қолдирган тарихий воқеа бўлди. Зеро, музокаралар якунида икки давлат ўртасида қўшма баёнот ҳамда Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Ҳаммамизга яхши маълум, асрлар давомида ўзбек-қирғиз яқин қўшни бўлиб тинч-тотув яшаган, қиз бериб, қиз олган. Бошқача айтганда, ўзбекларда “Узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни афзал”, деган мақол борки, бу теран маънога эга. Давлат чегараси тўғрисидаги шартноманинг имзоланишини, умуман, чегаралар очилаётганини икки халқ орзиқиб кутди. Бугун ана шу истак рўёбга чиқди.

Сенаторлар ялпи мажлисда мазкур Шартномани ратификация қилиш ҳақидаги Қонунни кўриб чиқиш асносида, бу эндиликда яқин қўшничилик муносабатлари, ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Тоҳир БАҲРОНОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси (Бухоро вилояти):

— Сенаторлар ялпи мажлис кун тартибидаги масалаларни муҳокама этиш чоғида давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи, унинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратишди.

Бинобарин, унда Президентимиз мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳаётга татбиқ қилинаётган ўзгаришлар, кўрилаётган аниқ чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистонда болалар меҳнатига чек қўйилганлиги алоҳида қайд этилди. Дарҳақиқат, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, авваламбор, инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, унинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлашга қаратилмоқда. Бу борада барча тармоқда соғлом ва шаффоф сиёсат олиб борилаяпти.

Бухоро вилоятида ҳам Ҳаракатлар стратегиясига асосан, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Энг аввало, ёшлар бандлигини кафолатлаш, айниқса, таълим муассасалари битирувчилари учун иш ўринлари очиш борасида алоҳида тизим яратилди. Натижада қисқа муддатда 4 мингга яқин битирувчи иш билан таъминланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга киритилаётган пахтани етиштиришдан бошлаб якуний маҳсулотни қайта ишлаш ва сотиш жараёнини қамраб оладиган кластер тизими жорий этилди. Ушбу тизим меҳнаткашларга муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш имконини бермоқда.

Йонас АСТРУП, Халқаро меҳнат ташкилотининг техник масалалар бўйича бош маслаҳатчиси:

— Дунё ҳамжамияти бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқаро ҳамжамият учун очиқ эканлигини алоҳида таъкидлаб, ўзбек халқига муносиб келажакни барпо қилиш йўлида кун тартибида турган ўткир масалаларни ҳал этишга тайёр эканлигини билдирди. Юртингизда жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бераётир. Шуни мамнуният билан айтамизки, бугун парламент юқори палатаси ялпи мажлисида ушбу -долзарб масала, яъни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ҳамда халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилгани ҳам республика раҳбариятининг бу борадаги қатъий сиёсатидан далолатдир.

Нина КОЛИБАШКИНА, Жаҳон банкининг ижтимоий ривожланиш бўйича катта мутахассиси:

— Жаҳон банки Ўзбекистоннинг вақт синовидан ўтган узоқ муддатли шериги ҳисобланади. Биз мамлакатингизда 25 йил давомида, айниқса, шу кунларда қатор соҳаларда, жумладан, қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни -чуқурлаштиришга қаратилган лойиҳалар устида фаол иш олиб бораяпмиз. Сўнгги вақтда Ўзбекистондаги улкан ўзгаришлар, Болалар ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш самарали фаолият олиб бораётгани халқаро ҳамжамият -томонидан юксак баҳоланмоқда. Юртингизда жорий йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ушбу масаланинг юқори даражада, яъни Сенатда муҳокама қилинаётгани биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу мамлакатингиз ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш масаласида собит эканлигини амалда кўрсатади. Биз бундан кейин ҳам ушбу муаммоларнинг тизимли ҳал этилишида, хусусан, қишлоқ хўжалигини модернизация қилишда Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб қолишга тайёрмиз.

Зулфия ҲАЙДАРОВА, Қашқадарё вилоятидаги “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази раҳбари:

— Мен нодавлат нотижорат ташкилотлари вакили сифатида мазкур масалада ўзимнинг холис фикрларимни, кузатишларимни билдирмоқчиман. Бир неча йиллардан бери Қашқадарё вилоятида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида мониторинг гуруҳи фаолиятида иштирок этиб келаман. Шуни фахр билан айтмоқчиманки, бугунги кунда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларига тўлиқ барҳам берилди. Ушбу йўналишда муайян натижаларга эришилди. Мониторинг гуруҳи билан таълим, тиббиёт муассасаси бўладими, қаерга бормайлик, биз бундай ҳолатларга умуман дуч келмадик. Одамлар билан мулоқот жараёнида фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданияти йилдан-йилга ошиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Бугун юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол қатнашаётгани диққатга сазовор.

Олий Мажлис Сенатида мазкур долзарб масаланинг муҳокама қилингани давлатимиз томонидан мажбурий меҳнат ҳамда болалар меҳнатининг олдини олишга юксак даражада эътибор қаратилаётганидан далолатдир. Бу фақатгина давлат органларининг вазифаси бўлиб қолмасдан, ушбу жараёнда жамоат ташкилотлари ҳам фаоллик кўрсатиши керак. Юртимизда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг олдини олиш бўйича халқаро -ҳамжамиятга холис ахборот етказиб беришда тизимли иш олиб боришимиз зарур.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/11327-ochi-va-khal-parvar-sijosatning-jor-in-ifodasi

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati