O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Янги инновация маркази ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида туб бурилиш ясайди

05.07.2017

Бугун ахборот технологиялари одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга қаратилган инновациялар, ортиқча қоғозбозликсиз, инсон иштирокисиз кўрсатиладиган давлат хизматлари сингари кенг кўламли дастурий ечимларни қамраб олади.

Шу маънода, унинг истиқболли бизнес соҳаси сифатида жамият тараққиётидаги ўрни ҳам тобора ошиб бораяпти. Натижада IT-индустрияси мамлакат равнақи, аҳоли турмуш даражасини белгиловчи муҳим мезонлардан бирига айланмоқда.

Хусусан, юртимизда ахборот технологияларини жамият ҳаётининг барча жабҳасига жорий қилиш, давлат хизматларини рақамлаштириш, “электрон ҳукумат” тизими кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бироқ Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида қайд этилганидек, ахборот технологиялари ривожланиши ва уларни иқтисодиёт соҳаларига жорий этишнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек, маҳаллий дастурий маҳсулотларнинг экспорт даражаси ҳали ҳам пастлигича қолмоқда. АКТнинг рақобатдош ҳамда юқори унумдорликка эга тармоғини шакллантириш учун мамлакатнинг фан ва таълим соҳасидаги салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаяпти.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда АКТнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 1,9 фоизни ташкил қилади. Миллий реестрда 149 ахборот технологиялари компанияси рўйхатдан ўтган. Уларнинг экспорти йилига, бор-йўғи, 3,3 миллион долларни ташкил қилади. Қолаверса, соҳада малакали мутахассисларнинг хорижга чиқиб кетиши ҳолати авж олган.

Бу эса соҳанинг жадал равнақини давлат томонидан кенг кўламли қўллаб-қувватлаш ҳамда республиканинг халқаро АКТ бозоридаги ўрнини кучайтиришни талаб этади.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган Фармони ушбу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шуни қайд этиш керакки, мазкур ҳужжат асосида мамлакатимизда илк бор ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирадиган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази тузилаётир.

Халқаро тажриба шуни кўрсатдики, хорижий давлатларда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий муҳит яратиш мақсадида турли инновацион парклар, марказлар, ҳудудлар ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Беларусда Юқори технологиялар парки 2005 йилда тузилган. Бугун ушбу паркка 173 та компания аъзо. Мазкур тадбиркорлик субъектлари 2020 йилгача барча турдаги корпоратив солиқ, жумладан, қўшимча қиймат солиғи ва даромад солиғидан озод қилинган. Ходимларидан олинадиган даромад солиғи қатъий 9 фоиздан ошмайди ва умумий йиллик даромадга киритилмайди. Бинобарин, Юқори технологиялар паркида ишлаб чиқарилаётган дастурий таъминот маҳсулотларининг 91,5 фоизи экспортга йўналтирилаяпти. Бу ерда яратилган мобиль иловаларнинг 900 миллиондан зиёд фойдаланувчилари бор. Бундан ташқари, ушбу тузилма 66 мамлакатдан доимий буюртмачиларига эга. Айниқса, 2016 йилда паркнинг Беларусь ялпи экспортидаги улуши 12 фоизни, яъни 820,6 миллион долларни ташкил қилгани диққатга сазовор. Бундай механизм самараларини Жанубий Кореянинг “Иннополис” технологик шаҳарчаси, Америка, Япония, Швеция, Хитой технопарклари, кластерлари, инновация марказлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шу маънода, “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази ташкил қилиниши, фикримизча, Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги салоҳиятини рўёбга чиқариб, замонавий билимларни пухта ўзлаштирган ёшларимиз учун ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий шароитлар яратади.

Қайд этиш керакки, мазкур марказ мамлакатимиз ҳудуди доирасида экстерриториаллик принципи асосида тузилди, яъни АКТ соҳасидаги корхоналар республикада жойлашган манзилидан қатъи назар, Инновация маркази резидентлари бўлиши мумкин. Ушбу тамойил мамлакатда АКТ маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.

Марказ фаолиятини оммалаштириш ва унга тадбиркорлар, инвесторларни жалб қилишнинг муҳим шартларидан бири, шубҳасиз, солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёз ва преференциялар бериш ҳисобланади. Фармонга мувофиқ, марказ резидентлари 2028 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар, шунингдек, ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод қилинмоқда. Бундай имтиёзлар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари), ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотиш масалаларига ҳам татбиқ этилади.

Шу билан бирга, Инновация маркази резидентларига ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушган пул маблағлари доирасида ходимларга иш ҳақи ва дивидендларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан нақд бўлмаган шаклда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китобларни чет эл валютасида амалга ошириш, шунингдек, экспорт контракти мавжуд бўлмаган ҳолда, интернетдаги онлайн дўконлар орқали ишлар ҳамда хизматлар экспортини чет эл валютасида амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Бу Инновация маркази резидентларига глобал тенденциялар, стандартлар асосида иш юритиш имконини тақдим этади.

Яна бир муҳим янгилик. Инновация маркази резидентларининг ходимлари учун қўшимча имтиёзлар, жумладан, 2028 йилнинг 1 январига қадар олинган меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар 7,5 фоиз миқдордаги қатъий белгиланган ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 4,5 фоизли ставка бўйича фуқароларнинг суғурта бадалларига тортилиши кўзда тутилган. Бунда ушбу даромадлар солиқ солиш мақсадида белгиланадиган жисмоний шахсларнинг умумий йиллик даромадлари ҳажмига киритилмаслиги белгилаб қўйилди. Бу АКТ мутахассисларининг иш ҳақини қонунийлаштириш, ҳар хил “конверт”да бериладиган маошларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди. Умуман, экспертларнинг қайд этишича, бундай имтиёзлар пировард натижада мазкур соҳа вакилларидан солиқ тушумларининг камайишига эмас, балки бир неча баробар ошишига олиб келади.

Хулоса ўрнида айтганда, Президентимиз ташаббуси билан янги Инновация маркази ташкил этилиши мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси равнақида туб бурилиш ясайди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу саъй-ҳаракатлар 600 дан ортиқ резидент компаниялар фаолиятини йўлга қўйиш, 2021 йилга бориб экспорт ҳажмини қарийб 10 баравар ошириш, 10 мингдан зиёд иш ўринлари яратиш, АКТнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 4 фоиз-га етказишга хизмат қилади.

Исломиддин АБРАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

http://xs.uz/index.php/homepage/zhamiyat/item/10561-yangi-innovatsiya-markazi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati