O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси янги тизим асосида йўлга қўйилади

05.05.2017

Ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг аҳоли олдида ҳисобот бериб боришининг таъсирчан тизими, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик, парламент ва депутатлик назоратининг самарали механизмлари жорий этилиши ҳар бир хонадонда осойишталикка эришиш, маҳаллаларда барқарор муҳитни қарор топтиришда муҳим омил ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис Сенати олдига ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориш вазифаси қўйилди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан қарор қабул қилиниб, Сенат ҳузурида Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича -комиссияси ҳамда ҳудудий комиссиялар ташкил этилди. Бугунги кунда ҳудудий комиссиялар жойларда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятни мунтазам ўрганиб бормоқда.

Хусусан, жорий йилда 30 га яқин туман ҳамда шаҳарлардаги ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари, бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги ҳолатини ўрганиш натижалари давлатимиз раҳбарининг ушбу масалага алоҳида эътибор қаратаётгани нечоғли ўринли эканлигини кўрсатди. Чунки тизимда ҳали-ҳануз ечимини кутаётган кўплаб муаммолар мавжуд.

Жорий йилнинг 27 апрелидан бошлаб Сенат Комиссияси ҳамда Тошкент вилояти ҳудудий комиссияси аъзолари томонидан Тошкент вилояти ички ишлар органларининг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти ҳамда давлат ва жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлиги ҳолати ўрганилмоқда. Мазкур парламент назорати тадбири жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини Тошкент вилояти мисолида янгича ёндашув ва тизим асосида йўлга қўйишга қаратилган.

— Ўрганишда вилоятнинг 18 та туман ва шаҳаридаги 501 профилактика таянч пункти, 993 та маҳалла фуқаролар йиғини, 871 мактаб, 7 та академик лицей ҳамда 121 касб-ҳунар коллежи қамраб олиниб, уларнинг ҳар бирига кириб борилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Рашид Пирматов. — Парламент аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, таълим, соғлиқни сақлаш органлари, ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари ушбу жараёнга фаол жалб этилгани парламент назорати тадбирининг янада самарали ҳамда амалий руҳда кечишини таъминлади. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича ишлар, асосан, содир этилган ғайриқонуний қилмишларнинг оқибатларига қарши курашишдан иборат бўлиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли вилоятда ўрганиш даврида юз берган 67 та жиноятнинг асл сабаблари ҳамда уларга имкон яратган шарт--шароитлар кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилингани, айниқса, муҳим аҳамият касб этди.

Ўрганиш давомида ўқувчиларнинг дарсларга қатнашмаслик ҳолатлари ҳам аниқланиб, 40 нафар ота-онага нисбатан зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва муҳокама қилиш учун ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларга юборилди. Шунингдек, 23 та таълим муассасасига ҳамда 2 та фуқаролар йиғинига тақдимномалар киритилди. Натижада қарийб 2 минг нафар ўғил-қизларимиз машғулотларга қайтарилди. Шунингдек, ўрганиш доирасида судлар -томонидан 54 та “сайёр суд” мажлиси ўтказилди.

Умуман, таҳлиллар профилактика инспекторлари томонидан фуқаролар йиғинига ҳудудда содир этилган жиноятлар тўғрисида берилган кунлик маълумотларни таҳлил қилиш, ҳар бир жиноятни маҳаллада кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш амалиётини йўлга қўйиш заруратини кўрсатди. Шу билан бирга, жиноятларнинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш ва ўқувчилар давоматини назорат қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш долзарб ўрин тутади.

Тошкент вилояти ички ишлар органларининг жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти ва давлат ҳамда жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлиги ҳолатини ўрганиш натижалари вилоят фаоллари иштирокида танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинаяпти. Ўз нав-батида, вазифасига жиддий ёндашмаган қатор туман ҳамда шаҳар ички ишлар органлари мутасаддилари огоҳлантирилди, 4 нафар ички ишлар ходимига нисбатан хизмат текшируви тайинланди. Хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, ижобий натижаларга эришган ходимлар эса комиссия томонидан рағбатлантирилди.

 

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/10081-u-u-buzarliklar-profilaktikasi-yangi-tizim-asosida-j-lga-jiladi

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati