O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Депутат ва сенаторлар жойларда фуқароларнинг талаб-истакларини ўрганмоқда

04.02.2017

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг жойларда аҳоли билан ўтказаётган мулоқотлари давомида барча соҳа бўйича ютуқ ҳамда камчиликларни таҳлил қилиш, фуқароларнинг талаб ва истакларини ўрганиш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш бўйича тегишли чоралар белгилашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Чунончи, парламент аъзолари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоиловнинг Бухоро вилояти Шофиркон тумани аҳолиси билан мулоқотлари чоғида уларни ўйлантираётган масалаларни тегишли мутасадди ташкилотлар кўмагида ҳал этишга эътибор берилди. Масалан, тумандаги Лабирўт қишлоғида истиқомат қилувчи Музаффар Қодиров томорқасида замонавий иссиқхона барпо этиш ниятида эканини билдирди.

Депутатлар унга юртимизда қабул қилинган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга оид ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, хусусан, тадбиркорларга яратилган кенг имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди. Бу унинг мақсадини қатъийлаштирди. Айни чоғда банк мутахассислари имтиёзли кредит маблағи ажратиш билан унинг лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Пировардида яна бир тадбиркорлик субъекти пайдо бўлишига замин яратилди.

— Парламент аъзолари томонидан “Боғиафзал”, “Мазлаҳон Чандир”, “Дўрмон”, “Жўйрабод”, Султон Жўра номидаги ва бошқа бир қатор қишлоқ фуқаролар йиғинларидаги ўттизга яқин аҳоли пунктларида яшовчи 200 дан зиёд оилалар вакиллари билан мулоқотлар ўтказилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев. — Аҳолини ўйлантираётган масалалар атрофлича ўрганилаяпти. Айни пайтда эллик нафардан ортиқ фуқаролар тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирди. Уларга тавсиялардан ташқари, амалий ёрдам берилди. Ўттиздан зиёд мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби ва қишлоқ врачлик пунктларида ҳам бўлиб, улардаги шарт-шароит билан танишдик. Қолаверса, жойларда юзага келаётган муаммолар, аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган камчилик ва нуқсонлар ҳақида фикрлашдик.

Парламент қуйи палатаси Спикери Н. Исмоилов “Шофиркон деҳқон бозори” акциядорлик жамиятида бўлиб, бу ерда сотувчи ҳамда харидорлар билан учрашди ва бозорнинг ҳолати билан қизиқди. Очиқ мулоқот чоғида туманда деҳқончилик маданиятини янада юксалтириш, бозорни шофирконлик миришкорлар етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бойитиш ҳақида сўз борди. “Шофиркон экваториал текс” МЧЖда иш ўринлари яратиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, “Тезгузар” қишлоқ врачлик пунктида ҳамда тумандаги дорихоналардан бирида кечган суҳбатда аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий ёрдам сифати, она ва бола саломатлиги, аҳолининг патронаж хизмати билан нечоғли қамраб олингани, дори-дармон таъминоти, табиий гиёҳлардан шифобахш дорилар тайёрлаш каби масалалар диққат-эътиборда бўлди. Умумтаълим мактаби ҳамда мактабгача таълим муассасасидаги учрашувда эса ҳар томонлама соғлом авлодни камол топтириш масаласи мулоқотнинг бош мавзуи бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев ва парламент аъзолари Сирдарё вилояти Боёвут туманида фуқаролар йиғинлари раислари, халқ -депутатлари туман Кенгаши депутатлари, тадбиркорлар, фермерлар ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқотлар ўтказди.

Хусусан, тадбиркорлар билан бўлиб ўтган ана шундай мулоқотда туманда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган айрим муаммолар ўртага ташланди. Мисол учун, “Ховос нон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Эгамқулов, “Бахтиёр Мағрурбек” корхонаси раҳбари Абдуғаффор Қаюмов, “Боёвут Файз савдо” хусусий корхонаси раҳбари Ўткир Мамаюсупов ва бошқалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Сенат Раиси ва парламент аъзолари туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника, 8-умумтаълим мактаби, 18-мактабгача таълим -муассасаси ҳамда “Бобоюрт” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҚВП ва Боёвут агросаноат касб-ҳунар коллежига ташриф буюриб, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

— Халқ билан ўтказилаётган мулоқотлар доирасида маҳаллий Кенгашлар фаолияти ўрганилиб, бу борада муҳокамалар чуқур таҳлил қилинаётгани улар ишини самарали ташкил этишда муҳим омил ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини -кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси Икром Каратаев. — Зеро, истиқболда қабул қилинадиган қонунлар таъсирчанлиги, самарадорлиги, қолаверса, жойларда уларнинг ижроси устидан назоратни кучайтириш ҳар бир депутатнинг фаоллиги ва ўз бурчини виждонан бажаришига бевосита боғлиқ. Шу боис аҳоли билан суҳбатлар чоғида маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари, депутатлар гуруҳларининг қонун устуворлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш каби муҳим соҳалардаги ўрни ва вазифалари аниқ белгилаб олинмоқда.

Халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда маҳаллий Кенгаш фаолияти ва депутатларнинг ишлаш механизмини тубдан такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик асосида туман Кенгашининг раиси ўринбосари сайланди.

Парламент вакилларининг халқ билан мулоқоти жойларда қизғин давом этмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9420-deputat-va-senatorlar-zhojlarda-fu-arolarning-talab-istaklarini-rganmo-da

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati