O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Парламент аъзолари аҳоли билан мулоқот ўтказмоқда

03.02.2017

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари жойларда аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг турмуш тарзи ва муаммолари билан танишмоқда. Парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантиришга қаратилган бундай очиқ мулоқотлар шаҳару туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда тегишли раҳбарлар ҳисоботини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишда долзарб аҳамиятга эга.

Чунончи, парламент аъзолари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида фуқаролар билан мулоқотлар ўтказди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларидан иборат гуруҳ туман марказий деҳқон бозоридаги шарт-шароит билан танишиб, “Дам” қишлоқ фуқаролар йиғини, Пахтаобод, Янгиқишлоқ маҳаллалари аҳолиси билан учрашди. Транспорт касб-ҳунар коллежида ўқувчилар ва ўқитувчилар билан мулоқот чоғида битирувчиларни иш билан таъминлаш, соҳалар бўйича қўшимча тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, муассаса биносини таъмирлаш ҳамда замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозлаш масалалари юзасидан фикрлашиб олинди. Парламент қуйи палатаси раҳбари “Қорателпак” қишлоқ врачлик пункти, Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам фаолияти билан танишиб, моддий-техника базаси ҳолатига, малакали кадрлар билан таъминлаш, аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олишга алоҳида эътибор қаратди.

— Депутат ва сенаторларнинг қабул қилинаётган қонунлар ҳамда бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш, таҳлил этиш, аҳоли талаб ва таклифлари асосида келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш мақсадида ташкил қилинган мазкур мулоқотлар юртимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ҳаётий тамойилнинг рўёбига йўналтирилгани билан аҳамиятлидир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. — Шу боис аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотларда аниқланган оилалар фаровонлигини юксалтиришга тўсиқ бўлаётган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳлари, доимий комиссиялар фаолиятини ўрганиш кўзда тутилган. Ўрганиш натижалари халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳамда фаоллари иштирокида муҳокама қилинади, мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳал этиш бўйича вазифалар белгилаб олинади.

Туман фаоллари ҳамда тадбиркорлар билан мулоқот чоғида парламент аъзолари томонидан тадбиркорлик субъектлари учун яратиб берилаётган қулайликлар, имтиёзлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар кенг тушунтирилмоқда ва келгусида қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича уларнинг таклифлари олинаяпти.

Айни пайтда депутатлар ҳамда сенаторлар барча таълим ва тиббиёт муассасалари, бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Парламент аъзолари ва Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев Жиззах вилоятининг ўаллаорол тумани аҳолиси турмуш тарзи билан яқиндан танишаяпти.

Ана шундай мулоқотларда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва фермерлар ўз фаолиятини кенгайтириш, ер ажратиш, кредит олиш ҳамда бошқа масалалар бўйича Сенат Раиси ва вилоят ташкилотлари вакилларига мурожаат қилмоқда. Муҳими, улар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан қониқарли жавоб олаяптилар.

Тадбиркорлар томонидан кўтарилган бир қатор муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топилди. Жумладан, “Марварид нур” кичик корхонаси раҳбари Ихтиёр Холбўтаевнинг кредит олиш, “Олтин бошоқ садоси” фирмаси раҳбари Шавкат Собировнинг нон ишлаб чиқариш корхонаси учун ун фондини кўпайтириб бериш юзасидан қилган мурожатларини ҳал этиш бўйича тегишли идоралар раҳбарлари билан аниқ муддат келишиб олинди.

— Президентимизнинг халқ билан мулоқот ўтказишни давлат органлари олдига энг муҳим вазифа сифатида қўяётгани муаммоларни ҳал қилишнинг ишончли йўли эканига мулоқот давомида тўлиқ амин бўлдим, — дейди “Музбулоқ — Ойбек” фермер хўжалиги раҳбари Абдували Пардаев. — Ишлаб чиқариш корхонаси қуриш учун хўжалигимиз ҳудудидан ер ажратиш бўйича мурожаатим кўпдан буён ҳал этилмай келинаётганди. Ушбу учрашувда мурожаатимни қонуний ҳал қилиш бўйича кадастр хизмати раҳбарига аниқ вазифа юклатилиб, ижроси вилоят ҳамда туман мутасаддилари томонидан назоратга олинди.

Парламент аъзолари ўаллаорол туманидаги тиббиёт коллежи, “Халқ қабулхонаси”, “Наргиза текстиль” ва “Сангзар парранда” қўшма корхоналарига ҳамда “Сарбозор” ҚФЙ ва Лалмикор қишлоғидаги ҚВП, “Сарбозор” ҚФЙдаги академик лицей, 1-мактабгача таълим муассасаси, “Авлиё”, “Узунбулоқ”, “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинларига ташриф буюриб, аҳоли билан учрашди. Бу ерда яратилган шароитлар ҳамда имкониятлар, ишлаб чиқариш, ўқув жараёнини ташкил этиш ҳолатлари билан танишдилар.

Ўз навбатида, халқ депутатлари ўаллаорол тумани Кенгаши депутатлари учун улар фаолиятини самарали ташкил қилиш юзасидан семинар-тренинг ўтказилиб, аниқ тавсиялар берилди ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенат аъзолари Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги тўққизта қишлоқ -фуқаролар йиғинида аҳоли хонадонлари, мактаб, мактабгача таълим муассасалари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига бориб, фуқаролар билан суҳбатлашди.

— Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ҳамда эҳтиёжларини яхши билиш кераклигини таъкидлаган эди, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулчеҳра Сатторова. — Шу маънода, бу мулоқотлар аҳолини ўйлантираётган муаммо ва камчиликларни жойида бартараф этишда маҳаллий ҳокимият ва юқори идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, одамларда ижтимоий-сиёсий фаолликни оширишда муҳим ўрин тутади.

Депутат ҳамда сенаторлар “Хонақа” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги “Учқора” ҚВП, тумандаги мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаблари фаолияти билан танишдилар. Улар “Қўшчинор”, “Найман”, “Зарафшон”, “Хўжақўрғон”, “Тинчлик”, “Янгиқурилиш” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонлар аъзоларининг эҳтиёжини ўрганишди ҳамда шулар юзасидан зарур чоралар белгилаб олинди.

Парламент вакилларининг халқ билан мулоқотлари жойларда қизғин давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

http://xs.uz/index.php/homepage/sijosat/item/9410-parlament-a-zolari-a-oli-bilan-mulo-ot-tkazmo-da

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati