O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ

02.10.2017

2017 йил 2 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисини шу йилнинг 4- октябрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг изчил ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари ва масалалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига Давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлар Режасини (“Йўл харитаси”ни) ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим эканлиги Олий Мажлис юқори палатаси вакиллари томонидан алоҳида таъкидланди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида, жумладан сиёсий партиялар фракцияларида экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида ҳар томонлама муҳокама этилиб, жорий йилнинг 28 сентябрь куни парламентнинг қуйи палатаси томонидан қабул қилинди.

Қонун Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ томонидан илмий ва экспертлар доиралари вакилларини жалб қилган ҳолда дастлабки тарзда ўрганиб чиқилди.

Қонун икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, яқин қўшнилар – Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги рух бағишлаши таъкидланди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг аъзолари мазкур Қонунни маъқуллаш учун Сенатнинг бўлажак ўн иккинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилдилар.

Олий Мажлис Сенати кўриб чиқиши учун “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисидаги масала ҳам киритилмоқда.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг ўн иккинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан ишчи гуруҳ тузилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati