O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Депутат ва сенаторлар аҳоли билан мулоқотда

02.02.2017

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари республикамиз ҳудудларида бўлиб, жойлардаги муаммоларни ўрганмоқда ҳамда халқ билан мулоқот қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Олий Мажлис палаталарига ҳудудлардан сайланган депутатлар ва сенаторлар ҳар ойда 10 — 12 кун давомида бир туманда бўлиб, -ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулоса бериши ва шу асосда Қонунчилик палатаси Спикери ҳамда Сенат Раиси маҳаллий Кенгашларда муҳокамалар ўтказиш тизимини жорий этиш борасида таклифлар берган эди. 

Шундан келиб чиқиб, ўтказилаётган мулоқотлар чоғида туманларда иқтисодий инфратузилмани ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, молия-кредит ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини кафолатлаш масалалари диққат-эътиборда бўлмоқда. Албатта, булар қонун ижодкорларининг жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини ўрганиш ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларини эшитган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олишда долзарб аҳамият касб этади.    

Чунончи, Сурхондарё вилоятидан сайланган 10 нафар парламент аъзоси ҳамда Олий -Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов Денов туманида бўлиб, фуқаролар билан мулоқотлар ўтказмоқда. Улар дастлаб туманнинг “Бободеҳқон бозори” акциядорлик жамияти фаолиятига эътибор қаратишди.

— Парламент аъзоларининг оддий одамлар билан мулоқотидан, очиғи, қувондик, — дейди туманнинг Оловиддин маҳалласида яшовчи Момогул Турсунова. — Айни пайтда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойил рўёбини кўраяпмиз. 

Парламент аъзолари Денов шаҳридаги “Ҳунармандлар” бозорида ҳам бўлишди. Бу ерда аҳолини қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Тумандаги ижтимоий объектлар фаолияти ҳам ўрганилди. Жумладан, “Жаматак” қишлоқ врачлик пунктида тиббиёт ходимлари билан мулоқот чоғида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами даражаси ва сифати, ҚВП фаолиятининг ҳолати, кадрларга бўлган эҳтиёж, аҳолининг патронаж хизмати билан қамраб олинганлик даражаси, тиббиёт муассасасини дори-дармон билан -таъминланганлик ҳолати каби масалалар диққат марказида бўлди. 

Шу билан бирга, парламент аъзолари қурилиш ва транспорт коллежи, туман касалхонаси фаолияти ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати аҳволи билан танишдилар. 

Айни пайтда Қонунчилик палатаси вакиллари халқ депутатлари туман Кенгаши -фаолиятини янада фаоллаштириш масалаларини атрофлича ўрганишаяпти. 

Парламент аъзолари ва Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида бўлиб, тадбиркорлар, фермерлар, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан учрашдилар. 

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувларда “Замин ёшлари” оилавий корхонаси раҳбари Бекзод Ҳакимов, “Фаридинвест” МЧЖ раҳбари Даврон Тожибоев, “Мегастар-инвест” қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона раҳбари Жамолиддин Ҳусанов ва бошқалар фаолиятига тааллуқли масалалар ҳақида ўз мулоҳазаларини баён этди. 

Депутатлар ва сенаторлар, шунингдек, туманнинг “Халқобод” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги маҳаллалар, 17-мактабгача таълим муассасаси, 1-умумтаълим мактаби, маиший хизмат касб-ҳунар коллежида бўлди. Маҳалла фаоллари, тадбиркор ва фермерлар, таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари билан мулоқот давомида жойларда аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган айрим -камчиликлар ҳақида фикр алмашилди. 

Тадбирлар доирасида Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан халқ депутатлари Иштихон тумани Кенгаши депутатлари учун семинар-тренинг ташкил этилди. Кенгашдаги партия депутатлик гуруҳлари, доимий комиссиялари фаолияти ўрганилиб, зарур тавсиялар берилди. 

Тошкент вилоятидан сайланган депутатлар ва Сенат аъзолари Қуйи Чирчиқ туманидаги корхона, ташкилот, муассаса ҳамда хонадонларга бориб, одамлар фикри ва эҳтиёжлари билан қизиқди. Шундан сўнг таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишдилар. 

“Янги ҳаёт”, “Тошовул”, “Истиқлол”, “Гул” қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида мактабгача таълим муассасаларига бўлган талаб катталиги таъкидланди. Бундай муассасаларни қуриб бериш бўйича энг кўп эҳтиёж айнан мазкур ҳудуд аҳолисидан тушаётгани инобатга олиниб, бу бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилди.    

Шунингдек, тумандаги “Ниҳол” 10-мактабгача таълим муассасасида ёш авлод вакилларига яратилган кенг имкониятлар, уларнинг амалий машғулотлар билан қамраб олинганлик даражаси, гуруҳлардаги болалар сони нормага мувофиқлиги, овқатланиш рациони, муассасадаги -санитария ҳолати билан боғлиқ масалалар ҳам алоҳида таҳлил қилинди. Мавжуд камчиликлар ва уларни жойида бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланди. 

Транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи тумандаги илғор таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Бу масканда ижобий ишлар билан бирга, ўқувчиларнинг коллежга ўз вақтида бориши учун транспорт воситалари қатновини изчил йўлга қўйиш, ўқув муассасасидаги мавжуд чилангарлик устахонасини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. 

Парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотлари жойларда қизғин давом этмоқда. 

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati