O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


“Ўзбекистон ва Россия ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда кенгайтириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

01.12.2017

 

Россия Федерацияси Федерал Йиғилиши Федерация Кенгаши Раисининг ўринбосари И.М.-С.Умаханов бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида “Ўзбекистон ва Россия ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда кенгайтириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.   

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Савдо-саноат палатаси, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан россиялик ҳамкорлар кўмагида ташкил этилган давра суҳбатида  Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирлик ва идоралари ҳамда икки давлат етакчи компаниялари вакиллари иштирок этдилар.

 

Таъкидланганидек, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Жорий йилда у янада жонланди. Ўзаро савдо-сотиқ  ҳажми ҳам ортмоқда. Йил бошидан бери товар айланмаси 4 миллиард доллардан ошди. 

Россиянинг етакчи компаниялари ва банклари иштирокида Ўзбекистонда нефть-газ ва нефть-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат саноатида, фармацевтика, агросаноат мажмуи ва бошқа соҳаларда йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Икки мамлакат минтақалари ва тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорлик янада фаоллашди. 

Давра суҳбатида 2017– 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш борасида аниқ қадамлар қўйилаётгани қайд этилди. Транспорт инфратузилмаси, логистика соҳаси такомиллаштирилиб, кичик ва ўрта бизнес ривожи учун қулай шарт-шароитлар таъминланмоқда. Бунда нефть-газ, энергетика ва бошқа муҳим тармоқлар ривожи сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлашганидек, Ўзбекистон ва Россия компанияларининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги борасида мавжуд катта салоҳият бу йўналишдаги ишларни янада фаоллаштириш имконини беради. Давра суҳбатида айни жиҳатдан келиб чиқиб, иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, зарур шат-шароитлари ва биринчи навбатда, ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati