O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Маҳалла институтини такомиллаштиришнинг долзарб вазифалари

01.03.2017

2017 йил 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Маҳалла институтини такомиллаштиришнинг долзарб вазифалари” мавзусида республика семинари бўлиб ўтди. Ушбу семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 2-бандини ва Олий Мажлис Сенатининг 2017 йил 23 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фуқаролар йиғинларида сайловларни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида”ги фармойишини рўёбга чиқариш доирасида мазкур ишчи гуруҳ томонидан ташкил этилди.

Семинар фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари, шунингдек фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси, фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси сайловини ўтказишда жойлардаги ишчи гуруҳ ва комиссияларга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

Семинар ишида Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашиш бўйича комиссияси ва фуқаролар йиғинларида сайловларни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳи аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташкилий-назорат гуруҳлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқармаси раҳбарлари ва унинг ҳудудий бўлинмалари раислари, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб‐қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарлари, Адлия вазирлиги вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси олимлари ва мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўқув семинарида таъкидланганидек, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнида уни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантиришда маҳалланинг ролини ошириш устувор аҳамият касб этади. Маҳалла институти фаолиятини тартибга солувчи тегишли қонунчилик базаси яратилди. Охирги беш йилнинг ўзида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрири ва 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди ҳамда ҳаётга татбиқ этилди. Соҳа ходимлари малакасини ошириш бўйича ўқув курслари, шунингдек “Маҳалла” маърифий телерадиоканали ташкил этилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган қарийб 10 мингта фуқаролар йиғини аввал маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилган 30 дан ортиқ функцияни муваффақиятли бажармоқда. Фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини оширишга, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгилаб берилди. Шунингдек ушбу Фармонда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди. Мазкур Дастур доирасида амалдаги қонун ҳужжатларига ва бир қатор бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисидаги вазифалар белгилаб олинди.

Маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда маҳалла фуқаролар йиғинларининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, ўзини ўзи бошқариш тизимидаги ортиқча бўғинларни бартараф этиш мақсадида таркибида маҳаллалар мавжуд бўлган шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқаролар йиғинларини маҳаллалар фуқаролар йиғинларига айлантириш чораларини кўриш зарурдир.

Ушбу долзарб вазифалар жойларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашлари ҳузуридаги фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашиш бўйича комиссияларнинг ва 2016 йилда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 12 ҳамда 14-моддалари асосида тузилган ва фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчиларининг кейинги сайлови эълон қилингунга қадар фаолият кўрсатадиган 9 764 та фуқаролар йиғини ҳузуридаги ишчи гуруҳларнинг фаол иштирокида рўёбга чиқарилади.

Семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини таъминлаш бўйича маҳаллий ҳокимликлар ва “Маҳалла” фонди олдида турган долзарб вазифалар, фуқаролар йиғини ва унинг маслаҳатчиларини сайлашнинг ҳуқуқий асослари, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этишга ҳамда ўтказишга кўмаклашиш бўйича комиссияларнинг, шунингдек ишчи гуруҳларнинг мазкур сайловларни ташкил этиш ва ўтказишдаги асосий вазифалари, маҳалла институтини янада такомиллаштириш масалаларини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг аҳамияти сингари мавзулардаги маърузаларни тингладилар. Интерактив шаклда ўтказилган амалий машғулотлар чоғида семинар иштирокчилари ўзаро тажриба алмашдилар, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

 

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati