gerb

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарори

 

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8, 10 ва 11-моддаларига мувофиқ, шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати 2016 йил май-июнда тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ: 

1. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг навбатдаги сайловини ўтказиш муддати 2016 йилнинг май-июнь ойлари этиб белгилансин. 

2. Бўлажак сайловда 9764 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 99 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

3. 2016 йил май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ; 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси таркиби 2-иловага мувофиқ; 

фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бўйича сайлов бюллетени намунаси 3-иловага мувофиқ; 

фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) маслаҳатчиларининг сайлови бўйича сайлов бюллетени намунаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2016 йилнинг 20 мартигача бўлган муддатда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияларни тузиш; 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларига фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига кўмаклашиш, зарурат бўлганда уларни бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш; 

халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларига ўз сайлов округларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни ташкил этишда фаол иштирок этиш; 

оммавий ахборот воситаларига фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш жараёнини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар комиссиялари томонидан ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси ўтказилган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисидаги ахборотни умумлаштирсин ҳамда 2016 йил 20 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгашига сайлов якунлари тўғрисида ахборот берсин. 


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг Раиси                                                     Н.Йўлдошев
 

Тошкент шаҳри, 2016 йил 5 март 

O'zbekcha | Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati