O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Озод ва обод юртда аёллар бахтли, фарзандлар баркамолдир

 

Sanakulov Q.S.Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлидан собитқадамлик билан бормоқда. Айни жараён юртимизда яшовчи ҳар бир кишидан ижтимоий фаол бўлишни, Ватан равнақи йўлида фидойилик кўрсатиб яшаш ва меҳнат қилишни талаб этади.

 Дарҳақиқат, Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий, маданий-иқтисодий тараққий этаётган давлатлар қаторидан муносиб жой эгаллади. Фахр билан айтиш лозимки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Аёлларнинг  оила ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини кучайтириш масалаларига устувор эътибор қаратилди. Бунинг самарасида бугун ўз салоҳияти, иқтидори ва илғор ғоялари билан юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилаётган опа-сингилларимиз сафи тобора кенгаймоқда.

Эътироф этиш керак, мус­тақиллигимизнинг ўтган даврида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лишга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Конституциясининг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани белгилаб қўйилди. Бу юртимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этишини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлади. Шунингдек, давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича умумэътироф этилган халқаро ҳужжатларга, жумладан, 1995 йили “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги халқаро Конвенцияга қўшилди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, аёлларнинг жамиятдаги мавқеи ва ўрнини кўтариш давлатчилигимизнинг устувор ва асосий йўналишларидан бирига айланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссияси мақсадли тавсиясига кўра, миллий даражада қарорлар қабул қилиш жараёнида аёллар иштироки 30 фоиздан кам бўлмаслиги белгиланган. Бошқарувнинг ўрта ва юқори поғоналаридаги раҳбарлик лавозимларида аёллар сонини кўпайтириш мақсадида ҳозирги пайтда Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизи, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизини аёллар ташкил этиши хотин-қизларнинг фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги мавқеи тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.

Айниқса, қишлоқ жойларда аёлларнинг меҳнат ва яшаш, турмуш шароитларини яхшилаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш саъй-ҳаракатлари жадал суръат касб этаётир.  Буни Андижон вилояти Хўжаобод туманининг “Бирлашган” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Шаҳрихонсой маҳалласи мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шу мўъжаз маҳаллада ўтган йилларда амалга оширилган мислсиз бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳардагидан аҳоли учун шаҳардагидан кам бўлмаган шарт-шароит яратилди. Бундай имкониятлар, энг аввало, хотин-қизларннг рўзғор юмушларини енгиллаштириш, турмуш сифати ва маданиятини ошириш мақсадларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Хотин-қизларнинг маънавий этиёжларини таъминлаш юзасидан  маҳалла маслаҳатчилари ҳамда фаоллари билан ишлашнинг халқчил тизимлари йўлга қўйилди. Кам таъминланган оилалар қизларини касб-ҳунарга йўналтириш, олий ўқув юртлари талаба-қизлари билан ишлаш, қизларнинг маданий савиясини ошириш, таълим тўгараклари фаолиятини янада ривожлантириш масалаларида ҳам қатор ижобий натижаларга эришаяпмиз.

Таъкидлаш ўринлики, “Соғлом она ва бола йили” Давлат  дастурида оилани мустаҳкамлаш, ёш оилаларни маънавий, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалар белгиланган бўлиб, бу  маҳалла фаолларидан, хотин-қизлар қўмиталари бошлан­ғич ташкилотларидан янада фаолроқ бўлиш тақозо этмоқда. Шу маънода, маҳалла раисларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари билан биргаликда аёллар ўртасидаги мавжуд муаммоларни аниқланиб, уларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор билан ёндашмоқда. Хусусан, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни, оилавий бизнесни, касаначилик ва ҳу­нар­мандчиликни  ривожлантириш самарадорлиги ошаётир. Уйда  фарзанд тарбияси билан банд бўлган опа-сингилларимизнинг каштачилик, зардўзлик, тикувчилик каби момомерос ҳунарлар билан шуғулланиши учун зарур қулайликлар яратилаяпти.

Мисол учун, “Бирлашган” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Шаҳрихонсой маҳалласида яшовчи Феруза Зуҳриддинова қандолатчиликни йўлга қўйиб, ўнга яқин қизларни иш билан таъминлаган бўлса,  Муяссархон Жалолова миллий либослар тикиш бўйича устоз-шогирд анъаналари асосида йигирмага яқин қизларга ҳунар ўргатмоқда. Дилноза Саидалиева эса “Гўзаллик салони”ни кенгайтиришни, келинлар либосларини тикиш цехини очишни режалаштираяпти. Худди шундай, яна қайсидир уй бекаси гулчиликни, яна кимдир зироатчиликни ташкил этиб, рўзғорининг бутлигини таъминламоқда. Хуллас, маҳалла аёлларида яратувчанлик иштиёқи ва завқи баланд.
Умуман олиб айтганда, юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликка жавобан ташаббускорлик, фаоллик кўрсатаётган бундай аёлларимизнинг сафи кенглиги қувонарлидир. Ижтимоий фаол, оилада, жамиятда ўз мавқеига эга, интилувчан аёл фарзандларини ҳам шундай руҳда тарбиялайди. Зеро, аёллар бахтли бўлса, фарзандлар баркамол, оилалар аҳил ва мустаҳкам бўлади.

Тожибар ЮЛДАШЕВА,
 Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati