O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Истиқлол — фаровон турмушимиз пойдевори

 

Sanakulov Q.S.Мамлакатимизда бозор муносабатларини қарор топтириш ва ривожлантиришда муҳтарам Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган, жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилган "Ўзбек модели", ундаги ривожланишнинг  бешта тамойили беқиёс аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонимизнинг ўзига хос ва мос бўлган, миллий анъана ва урф-одатлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган мазкур тамойиллардан бири кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати бўлиб, аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатлари ифодаланиши ушбу тамойил асосида амалга ошириб келинмоқда. Бунга мисол, юртимизда мустақиллигимизнинг ўтган чорак асрлик даврида халқимиз фаровонлигининг муҳим асоси ҳамда фарзандларимиз келажагининг муҳтаҳкам пойдевори қурилди.

Дарвоқе, муҳтарам Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлисидаги маърузасида, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш билан боғлиқ масалалар бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолади, дея таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда қабул қилиниб, амалда татбиқ этилаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган қонунлар фуқароларнинг кундалик турмушида қай тарзда акс этаётганини гувоҳи бўлиб турибмиз.

Малакали мутахассислар, Навоий кон-металлургия комбинатининг энг асосий бойлиги ҳисобланади. Комбинатнинг ижтимоий сиёсати меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилашга, меҳнаткашларнинг турмуш даражасини янада оширишга қаратилган ва бу ҳудудий ривожланиш ҳамда ижтимоий барқарорликка салмоқли ҳисса қўшиш имконини бераяпти.

Бундан ташқари, комбинат ишчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фарзандларини тарбиялашда етарли шароитлар билан таъминлаш мақсадида, 2009 – 2016 йилларда намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқ жойларида қулай ва шинам турар жойга эга бўлишлари учун 900 нафарга яқин ишчи-ходимга комбинат томонидан қарийб 30 миллиард сўмлик фоизсиз ссуда ажратилди.

Комбинат томонидан нафақат ишчи-ходимларимизга балк меҳнат фахрийларимизга ҳам катта эътибор ва ғамхўрлик қилиб келинмоқда.Барча қаторида улар ҳам  моддий ёрдам, имтиёзли тиббий хизмат ва санатория – курорт даволанишини ўзида мужассам этган ижтимоий ҳимояга эга. Комбинатимизнинг барча ишчилари, уларнинг оила аъзолари ва меҳнат фахрийлари даволаш – профилактик муассасаларида бепул тиббий ёрдам оладилар. Ҳар йили уларга  жамоа шартномасида белгиланган миқдорда моддий ёрдам ажратилади.

“Металлург” ва “Кончи” санаторий профилакторийлари, “Тўдакўл” дам олиш базаси, “Зарафшон” пансионати кончиларнинг севимли дам олиш ва даволаниш масканларидир. Ҳар йили ёзги мавсумда шаҳар ташқарисидаги ва шаҳар болалар дам олиш масканларида 10 минг нафарга яқин бола дам олади ва соғлигини тиклашмоқда.

Комбинат раҳбарияти меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, хусусан болалар спортини ривожлантириш бўйича мунтазам иш олиб борилади. Бугунги кунда комбинат тизимида 5 та стадион, 5 та бассейн, елканли спорт учун база, 80 дан ортиқ спорт заллари ва майдонлари мавжуд. Комбинатда тегишли спорт комплекслари мавжуд, жисмоний - соғломлаштириш клублар тизими ривожланган. Спортчиларимиз спортнинг ҳар хил турлари бўйича халқаро ва республика мусобақаларида қатнашиб, салмоқли натижаларни қўлга киритиб келишмоқда.

Қувонарлиси, комбинатимиз томонидан жорий “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури доирасида 23 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, Заркент қўрғонида аквапарк қуриш, Зарафшон шаҳрида “Она ва бола” скрининг маркази барпо этиш, Нуробод туманида сув билан даволаш профилаторийсини ишга тушириш, Кармана туманидаги «Металлург» профилакторийсини халқаро даражада қайта таъмирлаш каби қатор эзгу ишларни амалга оширилаяпти.

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида ўзимизга, аввало, «Ким эдигу, ким бўлдик?», деган саволни бериб, жавоб изласак, истиқлолимиз биз учун мислсиз ҳуқуқ ва эркинликлар билан бирга, халқимизнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, давлат бошқарувини демократлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш имкониятларини яратиб бергани кўз олдимиздан ўтади.

Қ. С. Санақулов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори.

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati