O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Юксалишнинг асосий мезони

 

Sanakulov Q.S.Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётида қўлга киритилаётган муваффақиятлар йилдан йилга тобора мустаҳкамланиб, кўзга яна да ёрқинроқ ташланмоқда. Зеро, тарихан қисқа давр ичида барча соҳада мислсиз ўзгаришлар рўй бердики, бу ҳақли равишда кўпчиликнинг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлаётир.

Кўҳна тарихда не-не воқеаларни бошдан кечирган халқимиз учун Ватан мустақиллиги –ҳаётимизни, онгу шууримизни тубдан ўзгартирган энг улуғ, энг азиз байрам сифатида, асрлар ўтсада ўз қадр-қиммати ва моҳиятини йўқотмайди. Негаки, бу кунларга етиб келишимизда ва халқимизнинг азалий орзуси бўлган мустақилликни бундан йигирма беш йил илгари Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида олиб борилган курашлар натижасида руёбга чиқди. Тарих учун бу давр жуда қисқа бўлсада, бироқ мазмунан асрларга тенг бу йиллар давомида халқимиз ўз миллий тараққиёт йўлидан изчил ва  қатъият билан бориб, барча синов ва қийинчиликларни енгиб ўтди. Бугун дунёнинг мана-ман деган давлатлар иқтисодчилари тан олаётган катта ютуқларга эришилмоқда. 

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистонда тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ушбу концепция асосида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, парламентга мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазир ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳуқуқи берилди. Бунинг натижасида қабул қилинган чора-тадбирлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўла таъминлаш, жойларда юзага келаётган долзарб масалаларни адолатли ҳал этишга кўмаклашмоқда.

Шу ўринда Президентимизнинг «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир» номли асарида «Биз  ўтган  даврда  амалга  оширган  ишларимизга баҳо  берар  эканмиз,  «Кеча  ким эдигу бугун ким бўлдик?»  деган  савол  асосида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзимизга чуқур тасаввур  этамиз. Айни  вақтда  «Эртага  ким  бўлишимиз.  Кандай янги  марраларни  эгаллашимиз  керак?» деган  савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз, балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим» деган жумлаларни ҳар биримиз қалбимиздан ўтказиб, олдимизда турган вазифаларни амалга оширишимиз керак.

Кон-металлургия ишлари - мураккаб соҳа. Бу касб эгаларидан катта ирода ва бардошлиликни талаб этади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Юртбошимизнинг кончиларга кўрсатган ғамхўрлиги ва катта эътибори туфайли кончилар  олдига қўйилган вазифаларни юқори даражада бажаришда уларга доимо куч ва мадад берди.

Сир эмаски, мустақилликнинг дастлабки йилларида ўта оғир ва мураккаб бир даврда Президентимизнинг бевосита комбинатнинг келажаги учун қилган жонкуярлигининг самарасини бугун кўрмоқдамиз. Фахр билан таъкидлашимиз мумкинки, комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати мустақиллик йилларида бир неча марта ошди. Шонли йилларда Учқудуқда 3-сонли гидрометаллургия заводи, Қўшработ туманида  замонавий  4-гидрометаллургия заводи ҳамда Қизилқум фосфорит мажмуаларини ўз кучимиз билан қурганлигимизнинг ўзи ҳам нафақат бизда, ён атрофимиздаги давлатларнинг ҳам тан олишига замин яратди. Биз кончилар бундан жуда фахрланамиз.

Шу ўринда, мустақиллик арафасидаги ўта оғир ва таҳликали бир даврда  Президентимиз бу соҳадага кадрлар масаласига алоҳида тўҳталиб,  Ўзбекистон раҳбари сифатида берган ҳақли саволи кенг жамоатчиликнинг ҳали ҳам ёдида. Ўшанда Юртбошимиз  Фарғонада бўлиб ўтган мажлисда:“Нима учун маҳаллий миллатга мансуб кишилар ўртасида муҳандис-техник ходимлар йўқ? Мен бу саволни ҳаққоний савол деб ҳисоблайман”, дея ўта долзарб масалани соҳа раҳбарлари олдига қўйгандилар. Бир пайтлар комбинат эшигидан киролмаган маҳаллий ёшлар мустақиллик шарофати бугун комбинатнинг энг катта таянчи, суянчларидир. Бугунги кунда комбинатда меҳнат қилаётган  жами ишчи-ходимларнинг 92 фоизга яқинини, раҳбар кадрларнинг 87 фоиздан ортиғини ҳамда мутахассисларнинг 86 фоизини  маҳаллий кадрлар ташкил этаётганлигининг ўзи,  мамлакатимизда бу соҳага зарур маҳаллий муҳандис кадрларнинг тайёрлаш борасидаги узоқни ўйлаб олиб борилган сиёсатнинг натижасидир. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бу соҳада олиб борилган амалий ишлар натижасида бугунги кунда  комбинатда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг ўртача ёши 37 ёшни ташкил этиб, шундан  30 ёшгача бўлган раҳбар ва мутахассисларнинг улуши салкам 30 фоизни ташкил этаётганлиги ва уларнинг энг замонавий, техника ва технологияларни бошқариб келаётганликларининг ўзи давлатимизнинг катта  ютуғидир.

Ўзбекистон тараққиётининг ҳаркатлантирувчи кучларидан бири бу- таълимни бунёдкор кучга айлантирадиган имкониятни инсон капитали, баркамол шахс омили ташкил этади. Юртбошимиз мазкур омилнинг нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигини пойтахтимиздаги Хотира майдонида оммавий ахборот ходимлари билан бўлиб ўтган суҳбатда алоҳида таъкидлаб, шундай деди: “ Мен ёш авлодимизга, менинг болаларимга қарата бўш келманглар, эртанги кун бизники, марра бизники, деб бежиз, асоссиз айтмайман. Бунинг чуқур маъно-мазмуни шундаки, вақт, йиллар ўтиши билан бизнинг сафимизни ким тўлдирмоқда? Аввало, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга бўлган, янгича, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимизнинг эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, ўзини намойиш этишга қодир бўлган навқирон ўғил-қизларимиз”.

Мамлакатимизда таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғлиқлиги, таълим ва тарбиянинг инсонни касбий ривожлантириш жараёнлари билан уйғун равишда олиб борилаётганлиги натижасида бугунги ёшларимиз юртимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларда фаол иштирок этишмоқда.

Комбинат юқори илмий-техник имкониятга эга бўлиб, бугунги кунда 3 нафар фан доктори ва 33 нафар фан номзодлари илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида илмий кашфиётларини амалиётга чиқаришга жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб бормоқдалар. Бу эса  фундаментал, амалий, инновацион тадқиқотларнинг жадал олиб борилиши, уларни амалиётга жорий этиш, пировардида фан ва  ишлаб чиқаришнинг ўзаро уйғунлашувини таъминлаш имконини бермоқда.

Мустақиллик шарофати  ва Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Навоий давлат кончилик институтининг қарайиб 75 миллиард сўмга  барпо этилган замонавий биносида кон-металлургия соҳаси учун бўлажак кончилар, металлурглар таълим олишади. Ишонч билан айта оламанки, яқин келажакда институтда нафақат ўзимизнинг фарзандларимиз, балки чет эл давлатларининг ёшлари ҳам келиб таҳсил олишади. Ўзбекистоннинг даври келганлиги шундаки, энди бизни ёшлар хорижда эмас, хориж ёшлари бизда таҳсил олишади.

Буларнинг барчаси келгусида мамлакатимиз  иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлган кон-металлургия саноати  ривожланишига  муҳим омил бўлиб хизмат қилиши муқаррардир.

Қ. С. Санақулов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори.

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati