O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Беқиёс ғамхўрликнинг ёрқин намунаси

20.07.2016

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ

Аҳолининг репродуктив саломатлик кўрсаткичи, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлаш учун яратилган шарт-шароит, оналик ва болалик муҳофазаси самарадорлиги ҳамда кўлами давлат ижтимоий сиёсатининг изчиллигини, жамият фаровонлигини белгиловчи мезонлардан саналади. 

Эътироф этиш керакки, бугун мазкур соҳада умуммиллий ҳаракатга айланган ислоҳотларнинг тамал тоши мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидаёқ қўйилган бўлиб, бу “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган эзгу ғоянинг ҳаётимиздаги амалий ифодасига ёрқин бир мисол бўла олади. Ўша пайтдаги турли иқтисодий-ижтимоий қийинчиликларга қарамай, давлатимиз раҳбари миллат генофондини соғломлаштириш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласига биринчи галдаги вазифа сифатида эътибор қаратди. “Cоғлом авлодни тарбиялаш — буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”, дея узоқни кўзлади.

Ўтган йиллар давомида бу олижаноб мақсад йўлида ҳаётга татбиқ этилган қатор қонун ҳужжатлари, дастурлар, улар асосида рўёбга чиқарилган комплекс чора-тадбирлар соғлиқни сақлаш тизимини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш имконини берди.

Давлат бюджетидан соҳага ажратилаётган маблағлар салмоғи йилдан-йилга ошиб бораётгани эса тиббий хизмат сифатини юксалтириб, бу борадаги муваффақиятларни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи омил бўлаётир. Эътиборлиси, бундай муҳим ютуқлар халқаро миқёсда ҳам тан олинмоқда. Хусусан, репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича ўзбек модели БМТ томонидан Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари учун энг яхши минтақавий дастур сифатида тавсия этилган. Мана шу далилнинг ўзиёқ Ўзбекистонда аҳолининг соғлом турмуш кечиришини таъминлаш, оналар ва болалар саломатлигини асраш борасида ибратли тажриба тўпланганини кўрсатади.

Сир эмас, ҳозирги пайтда дунё иқтисодиётидаги беқарорлик, салбий тенденциялар сақланиб қолаётгани ҳатто ривожланган мамлакатларни ҳам бюджет харажатларини оптималлаштириш, бунда биринчи ўринда ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларни қисқартиришга ундаяпти. Мана шундай шароитда юртимизда биргина 2015 йилда соғлиқни сақлаш тизимини равнақ топтиришга Давлат бюджетидан 

4,3 триллион сўм йўналтирилгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бу аслида халқ, миллат саломатлигини асраш, ўсиб келаётган авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликнинг, юксак инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида нафақат пойтахтимизда, айни пайтда энг чекка қишлоқларда ҳам давр талабига жавоб берадиган қулайликлар мавжуд. Шу ўринда биз, парламент аъзолари жойларда кенг жамоатчилик билан учрашганимизда, бирламчи тиббий муассасаларда ишлаётган ёш йигит-қизларнинг шижоати, билими ва интилиши диққатимизни тортиб, барчамизда ҳавас уйғотишини таъкидлаш жоиз.

Биз тенги авлод яхши эслайди, собиқ тузум даврида тиббиёт олий ўқув юртини битирган мутахассислар чекка туман ва қишлоқларга боришдан чўчишар, имкон қадар шаҳарлардаги соғлиқни сақлаш муассасаларига йўлланма олишга ҳаракат қилар эди. Негаки, қишлоқ жойлардаги шифо масканларида аниқ ташхис қўйиш ва даволаш учун зарур шарт-шароит у ёқда турсин, ҳатто тузукроқ тиббий асбоб-ускуна топилиши амримаҳол эди. Бугун-чи?! Бунинг бутунлай аксини кўрамиз: ёш тиббиётчиларимиз замонавий қиёфада бунёд этилган қишлоқ врачлик пунктларида аҳоли саломатлиги йўлида зўр иштиёқ билан хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларида аҳоли барча қатламига юқори сифатли тиббий хизматлар йўлга қўйилган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда халқаро стандартларга мос ихтисослаштирилган шифохоналар, уларнинг вилоят ва туманлардаги бўлимларида юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ноёб тизими шакллантирилди. Туман ва вилоят даражасидаги соғлиқни сақлаш муассасалари тармоғи оптималлаштирилди. Энг илғор асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ҳамда малакали кадрлар билан таъминланган ихчам туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли шифохоналари ва поликлиникалари ташкил қилинди.

Юртимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий муассасалар негизида ўнта ихтисослаштирилган республика тиббий маркази ишга туширилди. Она ва бола скрининги, перинатал хизматлар йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси фуқароларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, ирсий касалликлар ва ногиронликнинг олдини олиш, пировардида ҳар томонлама соғлом авлод туғилиши ҳамда вояга етишини таъминлашдек устувор мақсадга хизмат қилаяпти.

Бундан чорак аср олдин ҳатто тасаввурга ҳам сиғмаган бундай ютуқлар мустақиллик шарофатидан, албатта. Чунки халқимизнинг тақдири собиқ марказнинг мустамлакачилик кайфиятидаги раҳбарлар хоҳиш-истагига боғлиқ бўлган ўша оғир даврда оддийгина фельдшерлик пунктини қуриш учун ҳам турли бюрократик тўсиқлар, у ташкилотдан бу ташкилотга югур-югурлар ва сансалорликнинг адоғи йўқ эди. Ёки турли даражадаги юрак хасталикларини даволашда республикамиздан чиққан кадрларга умуман ишонч билан қаралмас, уларга масъулиятли жарроҳлик амалиётлари атайин топширилмасди.

Истиқлол туфайли бундай адолатсизликларга барҳам берилди. Ўтган йигирма беш йил ичида Ўзбекистон тиббиёти ва тиббий мутахассислари жаҳон майдонида ўз ўрни ҳамда нуфузига эга бўлди. Мисол учун, Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг таркибида юрак-қон томир касалликларига чалинган беморларга жаҳон стандартлари даражасида диагноз қўйиш ва уларни даволаш имконини берадиган кардио-жарроҳлик бўлимининг очилиши соҳада эришилган муваффақиятлардан биридир. Марказга энг ноёб тиббий ускуналарнинг келтирилганлиги натижасида илгари жарроҳлик амалиёти 7-8 соатга чўзилган бўлса, ҳозир узоғи билан 1,5-2 соатда энг -мураккаб операциялар ҳам самарали тугатилаяпти.

Айни пайтда юртимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш, тиббий хизматни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган ишлар жадал давом эттирилмоқда. Буларнинг барчаси пировардида ҳар бир инсоннинг соғлом ва бахтиёр турмуш кечириши, эртамиз эгалари бўлган болаларнинг соғлом дунёга келиши, жамият таянчи ҳисобланган мустаҳкам оилаларнинг кўпайишига замин яратмоқда.

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Фан, таълим, маданият
ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati