O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Мулкдор, ташаббускор ва илғор

27.07.2016

Икром КАРАТАЕВ

Мустақиллик байрамини муносиб нишонлаш мақсадида юртимиз шаҳару қишлоқларида юксак тайёргарлик кўрилаётган айни кунларда аҳоли кенг қатлами вакиллари билан ўтказилаётган учрашув ҳамда самимий мулоқотлар дилларга янада хушнудлик, завқ бағишламоқда.

Ушбу тадбирларда истиқлол берган имкониятларни ўз турмушидаги, дунёқарашидаги ўзгаришлар мисолида эътироф этаётган ўрта ёш ва кекса авлод вакиллари “Мустақиллик туфайли деҳқоннинг косаси оқарди” иборасини кўп бора тилга олаётгани эътиборни тортади. Эҳтимол, ёшларимиз бу ибора орқали яқин ўтмишнинг аччиқ ситамларини ҳис қила олмас. Бироқ инсонларни хўрлаш, эзиш ҳисобига “кун кўрган” собиқ тузум даврида қора меҳнатдан боши чиқмаган деҳқонларимизнинг бири икки бўлмагани айни ҳақиқат.

Яхши эслаймиз, ўша оғир дамларда, асосан, пахта етиштириш бўйича кўр-кўрона тузилган планлар ортидан қувиш оқибатининг асосий жабрдийдаси деҳқон бўлиб қолар эди. Тонг отмасдан бола-чақаси билан далага йўл олган, қора қозони кўпинча ёвғон шўрвадан бошқасини кўрмаган, бироқ “боқиманда”, “қолоқ” дея камситиб келинган деҳқон ризқу рўз яратарди-ю, аммо ўзининг насибаси асло бутун бўлмасди...

Истиқлолнинг илк йилларидан ночор иқтисодиётни тиклаш, фақат пахтачиликка асосланиб қолган аграр тармоқда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, ерни ҳақиқий эгаси — миришкор деҳқонларга топшириб, уларда мулкдорлик ҳиссини шакллантириш, меҳнатига яраша манфаатдорлигини кафолатлаш учун ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди.

Хусусан, Президентимизнинг 1991 йил 29 ноябрдаги “Республикада деҳқон (фермер) хўжаликларини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, юртимизда фермерлик ҳаракати йўлга қўйилди. Ўтган қисқа даврда фермерлар салоҳияти, имконияти шу қадар юксалдики, бугунги кунда улар нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90 — 92 фоизини етказиб бераяпти, балки қишлоқларимиз ривожини ўз зиммасига олган ижтимоий-сиёсий ҳаракатга, миллий иқтисодиётимизнинг таянчи ҳамда суянчига айланиб бормоқда.

Фермерларни қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани, уларга қатор имтиёзлар тақдим этилгани туфайли аграр тармоқ эски тузум асоратларидан халос бўлди. Муҳими, энди ҳар бир қарич экин майдонининг ўз эгаси бор. Бу эса ердан хўжасизларча фойдаланишга буткул барҳам берилганидан далолатдир.

Экин майдонларининг унумдорлигини ошириш, улардан оқилона фойдаланиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ўсишида асосий омиллардан бўлаётир. Жумладан, ўтган йили 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан ортиқ пахта хирмонини барпо қилган деҳқону фермерларимиз эл дастурхонига 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етказиб берди.

Қувонарлиси, фермерлар қишлоқ хўжалиги хом ашёси етиштириш билан чекланиб қолмай, кўп тармоқли хўжаликларни ташкил этиш, олис, чекка ҳудудларда саноатни йўлга қўйиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, жаҳон бозорига рақобатдош маҳсулотлар билан кириб боришда ҳам намуна бўлаяпти.

Айтиб ўтиш жоизки, ҳозирги пайтда мамлакатимиздаги фермер хўжаликлари орасида қишлоқ хўжалигининг бир неча тармоқларини йўлга қўйиб, иқтисодий салоҳияти ортиб бораётган, бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотларига талаб кучайган бир шароитда гўшт, сут ҳамда мева-сабзавотларни қайта ишлаш қувватларини очаётган серқирра мулкдорлар сафи тобора кенгаймоқда. Пировардида аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойларда яшаётган одамларнинг турмуш фаровонлиги жадал суръатларда юксалаётир.

Экин майдонларининг таркиби истиқлол йилларида ўтган асрнинг 90-йилларидагига нисбатан бутунлай ўзгарди. Агар ўша пайтларда асосий майдонларда ғўза парваришланган бўлса, ҳозир пахта майдонлари қисқартирилиб, ғалла, сабзавот, полиз экинлари етиштирилаяпти. Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштириш борасидаги самарадор саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасини бугун бозорларимиздаги маъмурчиликда, дастурхонимиз файзу баракасида яққол кўриб турибмиз.

Шу ўринда жорий йилнинг 12 — 16 июль кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга эканини яна бир карра жаҳон аҳлига намоён қилганини таъкидлаш зарур. АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби давлатлардан халқаро савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослаштирилган вазирлик ҳамда идоралар, логистика компаниялари вакиллари қатнашган ушбу нуфузли тадбир юртимизда барча соҳа қаторида аграр тармоқ ҳам бемисл даражада тараққий этганини, Ўзбекистон нафақат ўзининг, балки дунё давлатларининг ҳам озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётганини кўрсатди. Ярмарка давомида бу ютуқларимизнинг халқаро миқёсда тан олингани, нуфузли ташкилотларнинг берган баҳоси барчамизда фахр-ифтихор ҳиссини оширди.

Мана шундай кезларда беихтиёр мустақилликдан аввал деҳқонларимиз бундай кенг имконият ва залворли ютуқлар ҳақида ҳатто тасаввур ҳам қила олмаганини ўйлаб, тарих учун лаҳзаларга тенг йигирма беш йил асрларга татигулик ўзгаришлар даври бўлганини англаймиз. “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!” деган мезон холисона баҳо беришга ундайди. Хулоса шуки, кеча даладан бери келмай, амаллаб рўзғор тебратган деҳқон бугун ердан олаётган даромади, техникаси, ишлаб чиқаришдаги изланишлари ҳамда фарзандларининг иқболи билан ғурурланади. Бугун у мулкдор, ташаббускор, жамиятнинг илғор вакилларидан биридир. Буларнинг барчаси энг бебаҳо неъмат — истиқлол шарофатидан, албатта.

Икром КАРАТАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати аъзоси.

 

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati