O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Халқимиз бунёдкорлик салоҳияти юксалмоқда

16.07.2016

Iskandarov T.

Ободликка интилиш, бунёдкорлик — халқимизга хос фазилатлардан. 

Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, ўзгача файзу тароватдан дилингиз яйрайди. Шаҳар ва қишлоқларимиздаги бири-биридан кўркам, айни дамда замонавий архитектура меъёрлари асосида қурилган ижтимоий-иқтисодий объектлар, маданий-маърифий масканларнинг ажиб қиёфаси, аҳоли уй-жойларининг орасталиги, шинамлиги ҳамда ҳар оиланинг муносиб шароитда яшаши учун барча қулайликка эгалиги ўтган қисқа даврда халқимиз бунёдкорлик салоҳияти нақадар юксалганлигидан далолат беради.

Ҳолбуки, атиги чорак аср олдин иқтисодий ночорлик муаммолари қуршовида қолган республикамиз аҳолиси, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчиларнинг нураб бораётган пахса девор уйларини янгидан қуриш у ёқда турсин, оддий кундалик эҳтиёжлари учун зарур товарларни ҳам сотиб олишга қурби етмасди. Пештахтасида шамол ўйнайдиган озиқ-овқат дўконларида гугуртдан тортиб тузгача тақчил  бўлган ўша даврда хўжалик моллари, қурилиш ашёлари таъминоти ғоятда оғир аҳволда эди. 

Бугун эса иқтисодиётимизнинг барча тармоғи равнақ топиб бораётгани истеъмол -бозорини юқори сифатли, арзон ва энг асосийси, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш имконини бермоқда. Хусусан, энг замонавий технология асосида, ўзимизда мавжуд хом ашё ресурсларидан тайёрланаётган қурилиш материаллари нафақат юртимиз, балки ташқи бозорда ҳам тобора харидоргир бўлаётир.

Бинобарин, мамлакатимиз ҳудудида беш юздан ортиқ ғишт, цемент, керамзит, гипс, оҳактош, қум, шағал сингари хом ашё конлари аниқланган ва ушбу табиий захира манбаларининг катта қисми  айнан мустақиллик йилларида очилган. 

Қувонарлиси шундаки, бундан йигирма — йигирма беш йил илгари хориждан валюта эвазига келтирилган бинокорлик материаллари ўрнини эндиликда маҳаллий маҳсулотлар эгаллаб, деярли барча турдаги бўёқлар ўзимизнинг  корхоналар  томонидан етказиб берилмоқда. Улар  кучли рақобат шароитида харидорлар ишончини қозонгани яна бир эътиборли жиҳатдир. Бу чуқур иқтисодий ислоҳотлар доирасида  маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорларга тақдим этилаётган имтиёз ҳамда преференциялар, яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг самараси, албатта.

Дарҳақиқат, юртимизда бунёдкорлик ишлари қамрови ва салмоғи ортиб бораётгани  баробарида, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати ҳам тараққий этаяпти. Бундай маҳсулотларни тайёрловчи субъектлар ҳамда  уларни харидорларга етказувчи махсус бозорлар сони  кўпаймоқда. Ҳозир деярли ҳар бир ҳудудда қурилиш материаллари бозорига дуч келасиз ва бу ердаги маҳсулотлар ранг-баранглиги, шунга мос равишда сифати ҳамда нархи талаб даражасида эканидан кўнглингиз тўлади. 

Қайд этиш керакки, мазкур йўналишда маҳаллий ишлаб чиқаришни изчил кенгайтиришда давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 24 мартдаги “Қурилиш материаллари саноатида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тармоқни жадал ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2009 йил 19 июндаги “Деворбоп материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш ва сифатини яхшилаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори  дастуриламал бўлмоқда. 

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи  корхоналар истиқболли лойиҳаларни амалга ошириши учун ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти. Натижада сўнгги йилларда ўттиздан ортиқ турдаги қурилиш материали ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди. Қуруқ қурилиш аралашмалари, гипсокартон, девор ҳамда шифт учун пластик панеллар, алюминий-пластик композит панеллар, пластик эшик ва ромлар, алюминий радиаторлар, полимер асосидаги санитария-техника воситалари, сопол фриз, сайдинг-панеллар, ойна блоклари, линолеум, ламинатланган паркетлар шулар жумласидандир. Қолаверса, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида 2015 — 2016 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида икки мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу орқали муайян миқдорда инвестиция ўзлаштирилиб, ўнлаб янги иш ўринлари яратилаяпти. 

Мамлакатимизда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришда 2015 — 2019 йилларга мўлжалланган Маҳаллийлаштириш дастури алоҳида аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, бугунги кунда, асосан, хориждан келтирилаётган гулқоғозлар, композит материаллар, металли ва металлсиз графитдан, фторопластдан тайёрланган, жами йигирма турдан ортиқ қурилиш материалларини ўзлаштириш назарда тутилган.

Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон саноатида етакчи ўринлардан бирини эгаллаган бу соҳадаги корхоналар ва улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар сонида жадал ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бу эса бунёдкорлик ишларини янада ривожлантиришга, аҳоли бандлиги ҳамда фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётир. Мазкур йўналишда  кейинги йилларда анъанавий тарзда  қабул қилиниб, ҳаётга жорий этилаётган намунавий уй-жойлар қурилиши билан боғлиқ дастур аҳамияти ниҳоятда катта бўлаяпти. Шаҳарникидан қолишмайдиган шарт-шароитларни ўзида жамлаган замонавий  тураржойлар маҳаллий қурилиш материаллари асосида барпо этилаётгани эътирофга молик. 

Улкан бунёдкорлик ишлари ҳамда қурилиш саноати ривожида хорижий компаниялар билан ҳамкорликнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Бу соҳада ҳар йили юксак савияда ўтказиб келинаётган халқаро кўргазмалар мутахассислар учун ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, маҳаллий корхоналар ҳамда чет эллик шериклар билан ўзаро манфаатли шартномалар имзолаш, эришилган ютуқ ва натижаларни сарҳисоб этиш имконини бераяпти. 

Дарҳақиқат, мустақиллик шарофати билан узоқни кўзлаб рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, халқимизнинг меҳнати ва фидокорлиги самарасида эришилаётган ютуқ ҳамда марраларимиз энг чекка ҳудудларни-да қамраб олган бунёдкорлик ишларида ҳам яққол ифодасини топмоқда. Бунинг замиридаги эзгу мақсад шуки, биз қураётган бинолардан наинки бугунги, балки келгуси авлодлар ҳам баҳраманд бўлсин, асрлар давомида ўзгача ғурур билан яшасин. 

Турғун  ИСКАНДАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

 

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati