O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Таълим сифати ва битирувчилар бандлигини таъминлаш сенаторлар ва депутатлар назоратида

30.06.2016

Жорий йилнинг 30 июнь куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан ташкил этилган «Таълим муассасаларида ўқитиш сифатини ошириш, битирувчиларни ишга жойлаштиришга оид вазифалар ижроси юзасидан депутатлик назоратини таъминлашнинг ўзига хос хусусиятлари» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, республикамизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ Юртбошимиз томонидан кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган эди. «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» қабул қилиниши, янги «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши мамлакатимиз таълим тизимининг меъёрий-ҳуқуқий базасини тубдан янгилади.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ҳаётга тадбиқ этиш борасида мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган тараққиётнинг “ўзбек модели” тамойилларига қатъий амал қилиниб, ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиёти билан узвий боғлиқ ҳолда босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда.

Таълим соҳасида мамлакатимизда 9+3 схемаси бўйича янги 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилган. Унинг бугунги ижобий натижалари, молиявий-иқтисодий инқироз дунё мамлакатлари иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиб турган бир пайтда, республикамизда бу соҳа жадал суръатлар билан ривожланиб бораётгани мутахассис ва олимларда жиддий қизиқиш уйғотмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда 1411 та касб-ҳунар коллежи, 144 та академик лицей, 9698 та умумтаълим мактаблари ва 491 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, шунингдек 157 қишлоқ туманида 191 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 декабрдаги “Бюджетдан ташқари Таълим муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 291-сонли қарорига асосан ташкил этилган бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан 2011-2015 йиллар давомида 188,5 млрд. сўмлик жиҳозлар билан таъминланди. 

2015 йилда 384 таълим муассасасининг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича 423 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилди. Намунавий лойиҳалар асосида 29 та янги умумтаълим мактаби барпо этилди, 219 та мактаб реконструкция қилиниб, 136 таси капитал таъмирланди.

Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури доирасида 2010-2016 йилларда 2255 та мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, 2015 йилда мамлакатимизда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун зарур шароитлар яратилган бўлиб, коллежларнинг 480 мингдан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди.

Давра суҳбати қатнашчилари томонидан таълим сифатини оширишда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашнинг янги усулларини жорий этиш асосида инновацион ғоялар ва замонавий ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқиш, таълим сифати ва узлуксизлигини таъминлаш, педагогик кадрларни касбий малакасини доимий равишда ошириб бориш, янги технологиялардан фойдаланиш асосида ўқув жараёнини такомиллаштириб бориш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур вазифанинг ижросини самарали таъминлаш эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигига бевосита боғлиқдир.

Ушбу йўналишда Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, унинг ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари доимий комиссияси аъзолари таълим тизимининг ҳолатини доимий тахлил ва назорат қилиши, таълим сифатини янада ошириш, мактаблар, лицейлар, колежларда ўқув жараёнини демократлаштириш ва такомиллаштириш каби долзарб вазифаларни ўрганиб бориши лозим.

Таълим муассасаларида ўқитиш сифатини ошириш, битирувчиларни ишга жойлаштиришга оид вазифалар ижроси юзасидан депутатлик назоратини таъминлашда замон талаби асосида долзарб масалаларни ҳал этиш мақсадида давра суҳбати иштирокчилари томонидан бир қатор тавсиялар билдирилди.


Шунингдек, шу куннинг ўзида Самарқанд вилоят ҳокимлигида Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан ташкил этилган «Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини ташкил этиш масалалари» мавзусидаги минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда сенаторлар томонидан ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳокимияти  бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар босқичма-босқич муваффақиятли амалга оширилиб келинаётганлиги қайд этилди.

Энг муҳими, уларнинг самаралари кундалик ҳаётимизда сезилиб турибди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг сифат жиҳатдан ижобий томонга ўзгариб бораётгани, жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни аниқлаш ва ҳал этишда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг роли кучаяётгани ҳам бунинг далилидир.

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг қонуний ваколатлари кенгайиб, уларнинг жойлардаги долзарб масалаларни ҳал этишдаги роли кучаяётгани ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Семинарда маҳаллий ҳокимият вакилик органлари фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, жумладан кейинги пайтларда қонунчиликка киритилган янги нормаларни амалга ошириш механизмлари, бу борада ташкилий жиҳатдан йўл қўйилаётгпн айрим камчиликлар хусусида кенг сўз юритилиб, уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар ва уларни рўёбга чиқариш механизмлари белгилаб олинди.

Тадбирларда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар аъзолари, халқ депутатлари Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Меҳнат, Халқ таълими вазирликлари ва уларнинг вилоят бошқармалари, таълим муассасалари, шунингдек ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati