O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Вакиллик органларининг фаолиятида очиқликни таъминлашга бағишланди

29.07.2016

2016 йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг конференциялар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан ташкил этилган “Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида очиқликни таъминлашнинг долзарб масалалалри: амалиёт, муаммолар ва уларни ҳал этиш” мавзусида видеоселектор тарзида семинар бўлиб ўтди.

Семинарда сенаторлар, халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Кенгашлари депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузуридаги Сенат комиссиясига кўмаклашувчи ишчи гуруҳлар аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва вилоятлар адлия бошқармаларининг масъул ходимлари, шунингдек вилоят ва марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда сенаторлар қайд этганларидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги – жамиятдаги демократик жараёнларни янада чуқурлаштиришнинг, аҳолининг фуқаролик фаоллигини оширишнинг, жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим омилидир.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида бир қатор қонунчилик ташаббуслари рўёбга чиқарилди. Улар орасида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши муҳим ўрин тутади. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини таъминлаш; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлаш; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини ошириш; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилаш. Шунингдек ушбу Қонунда жисмоний ва юридик шахслар ахборотдан фойдаланувчилар эканлиги ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ишончли ахборотни олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳам белгилаб қўйилган.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот хизматлари ташкил этилди, матбуот хизматлари ходимларининг касбий савиясини ошириш ва ушбу тузилмаларнинг ОАВ билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш чоралари кўрилди, фуқаролар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан электрон тарзда бемалол мурожаат қилишлари учун имкониятлар яратилди. Расмий нашрларда, веб-сайтларда, шунингдек оммавий ахборот воситаларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида турли ахборот материаллари чоп этилмоқда. Жамоатчилик ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари томонидан уларнинг фаолияти мониторинг қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ҳокимлар раҳбарлик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари – вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги ҳокимиятнинг вакиллик органларидир. Улар давлат ва фуқаролар манфаатларидан келиб чиқиб, ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этади. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини ташкил этиш бўйича тегишли қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база яратилди.

Ҳозирги вақтда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш вазифалари фуқароларнинг ахборот олиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни давом эттириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини кенг ёритиб бориш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан депутатлар назоратини амалга ошириш самарадорлигини ошириш зарурлиги билан боғлиқ.

Ҳудудий вакилликнинг олий органи сифатида минтақалар манфаатларини ифодаловчи Сенат халқ депутатлари Кенгашларига ва уларнинг доимий комиссияларига амалий ҳамда услубий ёрдам беради.

Бугун мамлакатимизда 6000 нафар депутатни бирлаштирган 195 та халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолият кўрсатмоқда.

Халқ депутатлари Кенгашлари ўз ваколатлари доирасида ифодалаш, қонун ижодкорлиги, назорат қилиш ва ташкилотчилик вазифаларини бажаради. Халқ депутатлари Кенгашлари доимий комиссияларининг сессиялари ва мажлисларида ҳудудларнинг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалари муҳокама этилади, корхона ва муассасалар мансабдор шахслари ҳамда раҳбарларининг амалга оширилган ишлар, бюджет, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари ҳамда ҳудудий дастурлар бажарилишини таъминлаш ҳақидаги ҳисоботлари эшитилади.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига 2015 йилда киритилган тузатиш маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг ваколатларини анча кенгайтириб, уларнинг назорат вазифаларини амалга ошириш борасидаги фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш вазифаларини кучайтиради. 2016 йилдан бошлаб вилоят, туман, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўтган йилдаги якунларига ва жорий йилдаги ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисида вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини ҳар йили эшитиб бориш йўлга қўйилди. Эшитув якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарорини қабул қилиш назарда тутилган. Ушбу қарор ҳокимнинг ҳисоботи билан бирга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрларида ва веб-сайтларида албатта чоп этилиши лозим.

Шу билан бирга видеоселектор тарзидаги муҳокама чоғида Сенат Комиссияси аъзолари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари ўзаро фикр алмашдилар, ушбу йўналишда мавжуд бўлган айрим камчиликлар юзасидан баъзи таклиф ва тавсиялар бердилар. Хусусан, жамоатчиликни маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятидан хабардор қилишга, ҳар бир комиссия, депутат ва сенаторнинг ОАВ билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга доир тайёр медиа-режаларни жорий этиш, ҳокимликлар ахборот хизматлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари веб-сайтларининг, расмий нашрларининг ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини мунтазам ёритиб бориш учун кенг фойдаланиш орқали маҳаллий вакиллик органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмас чоралар кўриш зарурлиги ҳақида тавсиялар билдирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati