O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Сенаторлар “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Жиззах вилоятида ижро этилиши ҳақидаги ахборотни тингладилар

29.07.2016

2016 йил 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Жиззах вилоятида ижро этилиши ҳақидаги ахбороти тингланди.

Мажлисда Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт, адлия, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, меҳнат вазирликлари ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликларининг, “Жиззах” махсус индустриал зонаси Маъмурий кенгаши ва дирекциясининг, “Жиззах” махсус индустриал зонасида фаолият кўрсатувчи корхоналарнинг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, мустақиллик йилларида амалга оширилган бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш ҳаракатлари, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилашга доир аниқ мақсадга йўналтирилган дастурлар мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити шаклланишининг ҳамда хорижий инвестициялар ҳажмлари ошишининг муҳим омили бўлмоқда. “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонунлар инвестиция сиёсатининг пойдеворига айланди.

1996 йилда “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун инвестициялар жалб қилиш ва жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланиш имкониятларини кенгайтирди. 2008, 2012, 2013 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ҳамда “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари ташкил этилди.

“Жиззах” МИЗ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 мартда қабул қилинган “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги Фармони билан ташкил этилди. Бундай иқтисодий зонани ташкил этишдан кўзланган мақсад – юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитларни шакллантириш, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш жойларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишдир. Фармонда “Жиззах” махсус иқтисодий зонасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишглари, фаолият юритиш муддати белгилаб берилди. Унга кўра бу 30 йилни ташкил этади ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг ахборотида хабар берилганидек, ушбу Фармонни ижро этиш мақсадида 2013 йил 1 июль куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Жиззах” МИЗ инфратузилмасини ривожлантириш бўйича махсус Дастур қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2014–2015 йиллар мобайнида ва 2016 йилнинг олти ойи давомида “Жиззах” махсус индустриал зонасига олиб борувчи 12 километрлик автомобиль йўлининг таъмирланиши охирига етказилди, 5,7 километрлик сув ўтказувчи тармоқлар, 8 километрлик газ қувури ётқизилди. Ушбу мақсадларга 84,8 млрд. сўм ажратилди. Ҳозирги вақтда 7 километрлик ички автомобиль йўли, 4,6 километрлик электр тармоғи қурилиши ва таъмирланиши ҳамда иккита электр тақсимлаш пункти қурилиши давом эттирилмоқда.

Юқорида қайд этилган Қонун нормаларига мувофиқ “Жиззах” махсус индустриал зонасида Маъмурий кенгаш ва дирекция тузилиб, улар корхоналарга “Жиззах” МИЗ иштирокчиси мақомини бериш тўғрисида қарорлар қабул қилмоқда, алоҳида ҳуқуқий тартибга риоя этилаётганлигини ва унинг амал қилаётганлигини назорат қилмоқда, саноат зонасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқди ва таъминламоқда, эркин иқтисодий зонада жойлаштириш учун инвесторлар танловини ҳамда хўжалик фаолияти қатнашчиларининг рўйхатдан ўтказилишини амалга оширмоқда.

Ўтган давр мобайнида “Жиззах” МИЗ Маъмурий кенгаши томонидан умумий қиймати 268,0 млн. долларлик 25 та инвестиция лойиҳаси жорий этиш учун маъқулланди. Инвестиция лойиҳаларининг 13 таси ёки 52 фоизи “Жиззах” МИЗ ҳудудидаги фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган объектларга жойлаштирилди. Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра 18 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилган. Бундай лойиҳалар туфайли 1000 дан ортиқ иш ўрни ташкил этилди, шундан 60 фоизи олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари улушига тўғри келади.

Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари томонидан корхоналар қурилиши учун ер участкаларининг ўз вақтида ажратилиши ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун барча зарур рухсатномаларни “бир дарча” тамойили бўйича берилиши таъминланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган Фармонига мувофиқ “Жиззах” МИЗ иштирокчилари киритган инвестициялари ҳажмига қараб уч йилдан етти йилгача солиқ ва божхона тўловлари тўлашдан озод этилади. 2015 йил якунларига кўра саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 100 млрд. сўмдан ортиқни, экспорт ҳажми 6,4 млн. долларни ташкил этди. Жорий йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра шунга ўхшаш кўрсаткичлар тегишли равишда 88 млрд. сўмни ва 4,9 млн. долларни ташкил этди.

2017 йилда қиймати 150 млн. долларлик бешта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Шулар билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг ахборотида айрим корхоналарнинг фаолиятида мавжуд бўлган баъзи камчиликлар ҳам қайд этилди. Хусусан, корхоналар экспорт салоҳиятини кучайтириш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Муҳокама чоғида мажлис иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига “Жиззах” МИЗ ҳудудига олиб кириладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва материалларга божхона имтиёзлари қўлланишини соддалаштириш, шунингдек маъқулланган лойиҳалар доирасида инвесторлар томонидан олиб кириладиган махсус техника, қурилиш конструкциялари ва материалларни бир марталик тартибда божхона тўловларидан озод қилиш тўғрисида эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш бўйича тўпланган тажрибани ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш тавсия этилди. Шунингдек “Жиззах” МИЗ ва унинг ҳудудида хўжалик фаолиятини юритувчи корхоналар фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Муҳокама якунларига кўра тегишли қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati