O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назорати

29.06.2016

Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг жорий йилнинг 29 июнида бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг Олий Мажлис Сенатининг 2015 йил 22 январда бўлиб ўтган биринчи мажлисидаги нутқида ва Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифаларни ижро этиш мақсадида қабул қилинган Сенатнинг 2015 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини рўёбга чиқариш доирасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг қонунларни ижро этишга қаратилган қонуности ҳужжатларини қабул қилиш, шунингдек қонунларни маҳаллий ижрочилар эътиборига етказиш борасидаги фаолиятини Самарқанд вилояти мисолида ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Мажлисда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими, молия, адлия, маданият ва спорт ишлари, соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, халқ таълими вилоят ва Тошкент шаҳар бошқармалари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисда сенаторлар таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ва унинг тасарруфидаги таълим муассасаларининг фаолияти  Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, «Таълим тўғрисида»ги, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 дан ортиқ фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қатор қонуности ҳужжатлари, шу жумладан кўп сонли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, қонун ҳужжатларини рўёбга чиқариш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан қонунлар ижро этилишини назорат қилиш режалари тасдиқланди. Ушбу режаларда тегишли тадбирлар ўтказиш, ижро этишни таъминлаш механизми, ижро этиш муддатлари ва масъул ижро этувчилар назарда тутилади. Режалар ижро этилаётганини мунтазам ўрганиш асосида тегишли мониторинг ўтказилади. Қонунларнинг кўпчилик ҳаволаки нормалари ва қонун нормаларининг талаблари юзасидан қонуности ҳужжатлари ўз вақтида ишлаб чиқилди ҳамда таълим тизимининг тегишли ташкилотлари ва муассасалари эътиборига етказилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни ижро этиш учун халқ таълими вилоят бошқармаларига электрон почта орқали етказиш амалиёти йўлга қўйилган.

Халқ таълими вилоят бошқармалари, таълим муассасаларининг фаолиятини ташкил этувчи ва услубий таъминловчи туман ва шаҳар бўлимлари эътиборига қонун ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларни етказиш масалаларида баъзи камчиликлар мавжуд. Таҳлил Халқ таълими вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳар доим ҳам ўз вақтида эълон қилинмаслигини кўрсатди.

Халқ таълими вазирлигининг Самарқанд вилояти бошқармасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар туркумлаштирилиб ҳисобга олинмайди, вазирлик томонидан юборилган кирувчи ҳужжатлар тўлиқ рўйхатдан ўтказилмайди.

Мажлис иштирокчилари ўз нутқларида ўзаро тажриба алмашдилар, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва қонунларни ижро этишга қаратилган қонуности ҳужжатларни ўз вақтида қабул қилиш масалалари юзасидан Халқ таълими вазирлигининг, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг, халқ таълими вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек қонунларни ижрочиларга етказиш бўйича айрим таклиф ва тавсияларни билдирдилар.

.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati