O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Фармацевтика саноатини жадал ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

28.07.2016

Жорий йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биносида Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан уюштирилган “Мамлакатимизда фармацевтика саноатининг жадал ривожланишини таъминлаш мақсадида хусусий мулк ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида сенаторлар, Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология ва атроф муҳит масалалари департаменти, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш, адлия, молия вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки, Давлат рақобат қўмитаси, “Ўзфармсаноат” ДАК, “Дори-дармон” АК, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Тошкент фармацевтика институти, Ўзбекистон Республикаси ФА Ўсимлик моддалари кимёси институти, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида сенаторлар қайд этганларидек, бозор ислоҳотларининг янада чуқурлаштирилиши ва иқтисодиётнинг эркинлаштирилиши, рўёбга чиқарилаётган аниқ мақсадга қаратилган дастурлар, бизнес юритиш шарт-шароитларининг яхшиланиши жамият ҳаётининг барча соҳаларини, шу жумладан фармацевтика соҳасини самарали ривожлантириш омилига айланди.

Бозор иқтисодиётига ўтиш шароитларида сифатли дори воситаларини ишлаб чиқариш вазифалари бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни давом эттириш, ушбу соҳадаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш билан бирга ҳал этилади.

Мустақиллик йилларида тармоқни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди. Жумладан, 20 та қонун ва 120 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. 2016 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни фармацевтика саноатини ривожлантиришда янги босқич бўлди. “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бир қатор бошқа қонун ҳужжатлари инвестиция сиёсатини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосига айланди. “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг қабул қилиниши ва шу асосда амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши муҳим қадам бўлди. Тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиши натижасида бугун мамлакатимизда фармацевтика саноати жадал суръатларда ривожланмоқда.

Таъкидланишича, агар мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимизда 30 га яқин дори воситаси ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи 2 та корхона фаолият кўрсатган бўлса, мамлакатда фармацевтика фаолиятини олиб бориш учун лицензияга эга бўлган хорижий капитал иштирокида ташкил этилган 130 та корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда ва улар томонидан 2 мингдан ортиқ номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Шундан 78 та корхона дори воситалари, 4 та корхона ташхис қўйиш воситалари, 43 та корхона тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ушбу корхоналарнинг 5 таси 100 фоизлик хорижий капиталга эга корхоналардир (АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар), 21 таси қўшма корхоналардир. Халқаро стандартлар талаблари асосида сифатли ва рақобатбардош дори воситалари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситалари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан таклиф этилган 35 та фармацевтика гуруҳига киради. Ушбу гуруҳлар дори воситалари касалликларни даволашда мутахассислар томонидан кенг қўлланишини таъминлайди. Асосий дори воситалари рўйхатига кирадиган дори воситаларини ишлаб чиқарувчи фармацевтика корхоналари фаолиятига халқаро сифат кўрсаткичи талаблари жорий этилган. 

Фармацевтика корхоналарининг экспорт салоҳияти юксалди. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган дори воситалари жаҳоннинг 30 та мамлакатига, шу жумладан иқтисодий ривожланган мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

Охирги ўн йилда мамлакатимиз фармацевтика саноатини ривожлантиришга 300 млн. АҚШ долларидан ортиқ маблағ йўналтирилди, шу жумладан 100 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари жалб этилди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминловчи ташкилотлар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида 2015 йилда 100 дан ортиқ корхонага 62,3 млрд. сўм миқдорида солиқ имтиёзлари берилди. Хусусан, фармацевтика саноати корхоналарини локализация қилиш дастурига киритилган 17 та корхонага 8,1 млрд. сўмлик солиқ имтиёзлари берилди. Бу, ўз навбатида, фармацевтика саноатининг жадал суръатларда ривожланишига кўмаклашди.

2015 йилда мамлакат фармацевтика бозорининг умумий ҳажми 1 млрд. 165 млн. АҚШ долларини ташкил этди. 2014 йил билан таққослаганда олиб кирилаётган импорт дори воситаларининг миқдори 9,8 фоизга камайди, мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган дори воситалари 26 фоизга кўпайди. 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида фармацевтика соҳасидаги корхоналар томонидан 528,8 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди (ўсиш суръатлари 123,0%), 6,94 млн. АҚШ доллари миқдорида дори воситалари ва тиббий буюмлар экспорт қилинди (режага нисбатан 100%). Шу давр ичида мазкур тизимда 48 млн. долларлик 41 та инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилди (106%), 87 та янги турдаги маҳсулот тайёрлаш ўзлаштирилди ва 55 та дори воситаси ишлаб чиқарила бошланди, яъни янги маҳсулот ишлаб чиқариш режаси 114 фоизга бажарилди.

Муҳокама чоғида давра суҳбати иштирокчилари томонидан фармацевтика соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш, дорихоналарда бўлиши шарт бўлган дори воситалари рўйхатини кўриб чиқиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Шунингдек хорижда ишлаб чиқарилган кўпчиликка маълум ва кенг қўлланиладиган дори воситаларининг мамлакатимизда ишлаб чиқарилган муқобиллари ҳақида врачлар, мутахассислар, фармацевтлар ҳамда аҳоли кенг қатламининг хабардорлигини ошириш чора-тадбирлари тизимини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳам қайд этилди.  

Муҳокама якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati