O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Сенаторлар Тошкент шаҳрида қонун ижроси тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар

28.07.2016

2016 йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Мажлисда Сенат аъзолари, Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, илмий тадқиқот муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисда сенатор томонидан қайд этилганидек, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида адвокатура институтини ривожлантиришга, малакали мутахассислар тайёрлашга, адвокатуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини кучайтиришга, унинг чинакам мустақиллигини таъминлашга катта аҳамият берилди.

Хусусан, адвокатурани ривожантириш, унинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва ролини ошириш, айблов ва ҳимоянинг тенглигини таъминлаш мамалакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилиб, бунинг учун зарур бўлган ҳуқуқий асослар яратилди. Жумладан, 1996 йил 27 декабрда “Адвокатура тўғрисида”ги, 1998 йил 25 декабрда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди. Сўнгги йилларда мазкур қонунларга, процессуал қонун ҳукжжатларига инсон ҳуқуқ ва эркинликларини химоя қилишга қаратилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ташкил этилди.

Палата нотижорат ташкилоти ҳисобланиб, ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий тузилмалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади. Палата инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда адвокатуранинг роли кучаяётганлиги, аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданиятини оширишга қаратилган маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилаётганлиги устидан назоратни амалга оширади, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, судда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалайди ҳамда ҳимоя қилади, туманлар ва шаҳарларда юридик маслаҳатхоналар ташкил этиш орқали аҳолининг юридик ёрдам олиш имкониятини таъминлайди, адвокатларнинг қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидаларига риоя этаётганлигини назорат қилади.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, Қонун ижроси юзасидан адвокатура органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш борасида Тошкент шаҳрида муайян ишлар амалга оширилди.

Пойтахтда 1 730 нафар адвокат мавжуд бўлиб, улар давлат рўйхатидан ўтган 587 та адвокатлик тузилмасида фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 28 нафари адвокатлар ҳайъати, 216 нафари адвокатлик фирмаси ва 343 нафари адвокатлик бюроларида ишлайди. Тошкент шаҳридаги адвокатлик тузилмаларининг 80 фоизи ижара, 10 фоизи бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида, 5 фоизи ўзларининг биноларида, 5 фоизи бошқа жойда фаолият кўрсатмоқда.

Адвокатлар томонидан 2016 йилнинг биринчи яримида маҳалла фуқаролар йиғинларида суриштирув, тергов ва суд ишига тааллуқли бўлмаган 5 470 та оғзаки маслаҳатлашув ўтказилди. Суриштирув ва дастлабки терговда 13 533 нафар ҳамда судларда 17 368 нафар юридик ва жисмоний шахснинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг курсларида 143 нафар адвокат малака оширди ва сертификат олди.

Шу билан бирга Тошкент шаҳрида юқорида таъкидланган Қонуннинг ижросини таъминлаш борасида қатор муаммолар мавжудлиги ҳам таъкидланди. Шу муносабат билан мажлис иштирокчиларининг чиқишларида уларни бартараф этишга, шунингдек адвокатлик тузилмалари самарадорлигини ошириш, уларнинг жамиятдаги роли ва аҳамиятини янада кучайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Жумладан, адвокатлик ишининг барча босқичларида адвокатларнинг иштирок этишини таъминлаш, бир иш юзасидан такрорий адвокат ордерини расмийлаштиришнинг олдини олиш, адвокатларнинг маъмурий ишларни кўриб чиқишда иштирок этишини янада кенгайтиришга доир зарур чора-тадбирлар кўриш, адвокатлик тузилмалари томонидан тақдим этиладиган ҳисобот шаклларини электрон тарзда тақдим этиш амалиётини жорий этиш ҳамда уларнинг қонун ҳужжатлари нормалари ва касб этикаси қоидаларига қатъий риоя этишига эришиш зарурлиги тавсия этилди.

Муҳокама якунлари бўйича  тегишли қарор қабул қилинди.

.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati