O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Жамоат назоратини амалга ошириш – фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг муҳим вазифасидир

28.04.2016

2016 йил 28 апрель куни Сирдарё вилояти ҳокимлигида халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутатлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.  Унда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Сирдарё вилояти давлат бошқаруви органлари томонидан қонунларга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига риоя этилаётганлиги устидан фуқаролар йиғинлари томонидан жамоат назоратини олиб боришга оид қисмининг ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Мажлисда Сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, «Маҳалла» жамоат фонди, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда фаоллари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, янги ижтимоий-сиёсий шароитларда, Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар янада чуқурлашиб бораётган даврда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, аҳоли манфаатларини, миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни ифодалашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг роли ҳамда аҳамияти жиддий ошиб бормоқда.

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу жараёнга янги туртки берди. Ушбу Қонунда тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларини ижро этиш ҳолатини ўрганиш, тегишли чоралар кўрилиши учун давлат органларига мурожаат қилиш ҳамда давлат органлари ваколатига кирадиган ва жамоат учун аҳамиятга эга бўлган масалалар юзасидан сўровлар юбориш орқали жамоат назоратини амалга оширишга доир фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳар маҳаллаларидаги фуқаролар йиғинларининг, асосий йўналишлар бўйича фаолият кўрсатувчи комиссиларнинг, фуқаролар йиғини раисининг ва унинг маслаҳатчиларининг ушбу масаладаги функциялари ва вазифалари ҳам белгилаб берилди.

Олиб борилган ўрганиш Сирдарё вилоятида жами 266 та, шу жумладан шаҳарда 28 та, туманда 238 та фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи фаолият олиб бораётганлигини кўрсатди. Барча фуқаролар йиғинларида фаолиятнинг саккизта асосий йўналиши бўйича комиссиялар фаолият кўрсатиб, улар фуқаролар йиғини кенгашига ҳар чоракда ҳисобот тақдим этади.

Семинар чоғида юқорида қайд этилган Қонун талабларига мувофиқ шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳар маҳаллаларидаги фуқаролар йиғинлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборотини тинглашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.

Фуқаролар йиғинлари кенгашларининг мажлисларида 2016 йилнинг биринчи чораги давомида туманлар, шаҳарлар ва вилоят ҳокимларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича 148 та ҳисоботи, коммунал соҳа корхоналари раҳбарларининг 119 та ҳисоботи тингланди. Таълим муассасаларининг санитар ва экологик ҳолатини, улар томонидан ёнғин хавфсизлиги нормаларига риоя этилаётганлигини ўрганиш натижалари бўйича фуқаролар йиғинлари томонидан 262 та мактаб, 21 та касб-ҳунар коллежи ва 4 та академик лицей раҳбарларининг 289 та ҳисоботи тингланди. Савдо-сотиқ ва аҳолига хизмат кўрсатиш маданияти соҳасида ҳам шундай ишлар амалга оширилди.

Қонундаги қоидаларга мувофиқ аҳолига маиший хизматлар кўрсатилишини яхшилаш мақсадида фуқаролар йиғинлари кўмагида 136 та гўзаллик салони ва тадбиркорлик фаолиятининг бошқа субъектлари ташкил этилди, Гулистон шаҳрининг ўзида 58 та савдо субъектини ташкил этишга ёрдам кўрсатилди.
Тўй маросимларини, оилавий байрамларни, урф-одатларни ўтказишда инсофгарчиликка йўл қўймаслик мақсадида фуқаролар йиғинларининг жамоат назоратини олиб борувчи ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи комиссиялари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳоли орасида 857 та тушунтириш тадбири ўтказилди.

Шу билан бирга Сирдарё вилоятидаги фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятида давлат бошқаруви органлари томонидан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижро этилиши устидан жамоат назоратини ташкил этиш борасида айрим камчилик ва хатолар мавжудлиги сенаторлар томонидан қайд этилди. Жумладан, фуқаролар йиғинларининг комиссиялари томонидан тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш ҳолати етарли даражада ўрганилмаяпти.

Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашлар томонидан фуқаролар йиғинларининг жамоат назоратини амалга оширишга доир ваколатларини рўёбга чиқаришга муносиб эътибор қаратилмаяпти. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилмаяпти.

Муҳокама чоғида мажлис иштирокчилари Сирдарё вилоятида қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоат назоратини кучайтириш бўйича фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган кечиткириб бўлмас чоралар кўрилиши лозимлиги борасида таклиф ва тавсиялар бердилар.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati