O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қишлоқда қулай ва шинам уй-жойлар қуриш диққат марказида

27.05.2016

2016 йил 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлиб ўтган Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурининг Бухоро вилоятида ижро этилиши натижалари муҳокама этилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси, «Қишлоқ қурилиш банк» ОАТБ ва уларнинг вилоят филиаллари раҳбарлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек Бухоро вилоятида саноат, транспорт, коммунал хўжалик, алоқа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиясининг раиси иштирок этди.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, қишлоқ аҳолиси турмуш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз қишлоқларида намунавий лойиҳалар бўйича замонавий якка тартибдаги уй-жойлар қуришга доир кенг кўламли дастурлар ишлаб чиқилмоқда ва рўёбга чиқарилмоқда. Бундай ишлар асосий қурилиш режаларига мувофиқ ҳамда қишлоқ аҳоли пунктларининг ўзига хос табиий ва иқлим хусусиятларини, ўзбек оиласининг миллий анъаналарини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Боз устига жадал суръатларда замонавий транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунинг учун мамлакатда зарур норматив-ҳуқуқий база яратилган.

«Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш» лойиҳасини рўёбга чиқаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009–2015 йилларда қабул қилинган қарорлари ижроси қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишда муҳим роль ўйнади. Намунавий уйлар қуришга доир бир қанча ишларни бажариш учун мамлакатда турар жой массивларини сифатли қуриш бўйича ягона сиёсат амалга оширилишини таъминловчи бутун институционал тузилма яратилган.  

2014–2015 йилларда мамлакатимизнинг қишлоқ туманларида 624 та янги қишлоқ турар жой массиви қурилди. Ушбу турар жой массивларида 23 мингдан ортиқ якка тартибдаги уй-жой барпо этилди, ичимлик суви етказиб берадиган 830 километрдан ортиқ қувурлар ётқизилди, 586 километрлик электр узатувчи линиялар, 740 километрлик газ қувурлари, 546 километрлик автомобиль йўллари қурилди, шунингдек бозор ва ижтимоий инфратузилманинг 356 та объекти фойдаланишга топширилди.

Жумладан, Бухоро вилоятида ушбу даврда қурилган 45 та турар жой массивида 1 762 та якка тартибдаги уй-жой қурилиши якунланди. 76 километрлик газ қувури, 96 километрлик ичимлик суви етказиб берадиган қувур ётқизилди, бозор ва ижтимоий инфратузилманинг 24 та объекти фойдаланишга топширилди.

Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган намунавий лойиҳалар бўйича 1 762 та якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг, «Қишлоқ қурилиш банк» очиқ акциядорлик тижорат банкининг, «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат ипотека банкининг вилоят филиаллари томонидан 2014–2015 йилларда фуқароларга 189 млрд. сўм миқдорида имтиёзли ипотека кредитлари берилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва унинг доимий комиссиялари томонидан намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурилиши бўйича республика ва ҳудудий дастурларни ижро этиш билан боғлиқ масалалар мунтазам равишда муҳокама этиб борилди. Хусусан, саноат, транспорт, коммунал хўжалик, алоқа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссияси томонидан юқорида кўрсатилган дастурларни ижро этиш билан боғлиқ масалалар бири неча марта ўрганиб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шу билан бирга сенаторлар таъкидлаганларидек, халқ депутатларининг вилоят ва туман Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари, ҳокимликлар ҳамда ушбу масалага алоқадор вилоят, туман ташкилотларининг раҳбарлари томонидан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қуриш дастурини ижро этиш чоғида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишга муносиб эътибор берилмаяпти. Бухоро вилоятининг айрим туманларида пудратчи ташкилотларни аниқлаш қоидалари бузилмоқда, янги турар жой массивлари қурилиши учун ер майдонлари ўз вақтида тайёрлаб берилмаяпти, пудратчи ташкилотлар томонидан маблағлар ортиқча сарф қилиб юборилмоқда, қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши чоғида қонун ҳужжатлари нормаларига ва қоидаларга риоя этилиши устидан етарлича назорат ўрнатилмаган.

Муҳокама чоғида мажлис иштирокчилари томонидан Бухоро вилоятининг қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурини ижро этиш ҳолатини тубдан яхшилаш чораларини кўриш борасида тавсия ва таклифлар билдирилди. 

Муҳокама якунларига кўра Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.     

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati