O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Ижтимоий шерикликни кучайтиришнинг долзарб масалаларига бағишланган семинар

27.04.2016

Жорий йилнинг 27 апрель куни Андижон вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси, халқ депутатлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоят Кенгашлари ҳамкорлигида ташкил этилган “Ижтимоий шерикликнинг асосий шакллари ва уларни амалга ошириш тартиби: дастлабки тажрибалар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусидаги минтақавий семинар ўтказилди.

Семинарда сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, улар ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари аъзолари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда қайд этилганидек, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ Конституциямизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига доир асосий принципларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани барча аҳоли қатламлари манфаатларини акс эттирадиган бундай ташкилотлар кенг тармоқларининг ривожланиши учун қулай шароит яратди.

Натижада бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 8500 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Мазкур ташкилотлар фаолияти инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Улар  фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит ҳам яратмоқда.

Изчил равишда такомиллашиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятини тартибга солувчи қонунлар ва қонуности ҳужжатлари эса фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий фаоллигини кучайтиришда муҳим омил вазифасини бажармоқда.

Ўз навбатида, бу борадаги кенг кўламли ишларга парламент, хусусан унинг ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича комиссия ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. 2015 йилнинг ўзида нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджети ҳисобидан         10 миллиард сўм ажратилганининг ўзиёқ бунинг далилидир.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини янада кучайтириш фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократлаштириш ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви бўйича ўз олдимизга қўйган мақсадимизни рўёбга чиқаришда ҳеч бир муболағасиз ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ 2014 йилда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилингани фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожланишига эришиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлашда, уларнинг ролини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Зотан, мазкур Қонунда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимиз аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан ўзаро муносабатларидаги аниқ чегараларни белгилаш ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш каби масалалар бўйича ҳуқуқий нормалар мукаммал тарзда ифода этилган.

Семинарда ушбу Қонун кучга кирганидан буён ўтган қисқа даврда тўпланган тажрибалар асосида давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигини янада кучайтиришга доир долзарб масалалар муҳокама этилди.

Хусусан, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларининг фаолиятини янги босқичга кўтариш тақозо этилмоқда.

Айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг жойларда ижтимоий, социал-иқтисодий масалаларни ҳал этишга қаратилган дастурлари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тегишли ҳудудда ижтимоий, социал-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда ижтимоий шериклик ҳолатининг мониторингини ва баҳоланишини амалга ошириш, мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштиришга доир аниқ тадбирларни ишлаб чиқиш борасида мазкур комиссиялар фаолиятининг самарадорлигини ошириш зарур.

Давлат органларининг ижтимоий шериклик соҳасидаги қонунда белгиланган мажбуриятлари таъминланиши юзасидан улар мансабдор шахсларининг масъулиятини кучайтириш ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга. Зотан, ижтимоий шерикликнинг самарадорлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг таъсирчанлиги кўп жиҳатдан ана шу жиҳатга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, айниқса, ижтимоий шериклик бевосита амалга ошириладиган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш, атроф-муҳитни, аҳоли соғлиғини сақлаш, баркамол авлодни шакллантириш, ёшларга билим бериш, уларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ва касбга йўналтириш, оналик ва болаликни, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фан, таълим, ахборотлаштириш, маданият ва спортни ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга масъул тузилмаларнинг жойлардаги раҳбарлари нодавлат нотижорат ташкилотлари билан фаол ва самарали ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратиши лозим.

Семинарда шу каби қатор масалаларни ҳал этиш йўллари, механизмлари хусусида қизғин баҳс-мунозара юритилди ва ижтимоий шерикликнинг самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati