O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш – тадбиркорлик тараққиёти гарови

27.04.2016

Жорий йилнинг 27 апрель куни Андижон вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг долзарб масалалари” мавзусидаги семинар ўтказилди.
Тадбирда Сенат аъзолари, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг депутатлари ва доимий комиссиялари раҳбарлари, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, прокуратура, солиқ органларининг раҳбарлари, банк-молия муассасалари ва кредит ташкилотларининг раҳбарлари ва етакчи мутахассислари, тадбиркорлар, ННТ ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинарда сенаторлар томонидан таъкидланганидек, мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор принциплари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган.
Хусусий мулк мавқеини ошириш ва уни ҳимоя қилиш, бизнес юритиш шароитларини янада яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг      15 дан ортиқ қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари, жумладан, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида (янги таҳрирда)»ги, «Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу Фармонига мувофиқ хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни давом эттиришнинг асосий муҳим йўналишлари бўйича аниқ тадбирларни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар Дастури амалга оширилмоқда. Чора-тадбирлар дастурига асосан, бир қатор қонун ҳужжатларига хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Таъкидландики, мазкур изчил ислоҳотлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ошиб, 2016 йилнинг биринчи чорагида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари 6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмлари  6,7 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажмлари 12,1 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажмлари 12,8 фоизга ўсиши таъминланди. Кичик бизнеснинг 8,4 мингдан ортиқ янги субъектлари ташкил этилди, 178 та давлат активлари хусусий секторга сотилди. Хусусан, Андижон вилоятида ялпи ички маҳсулот таркибида кичик бизнеснинг улуши 58 фоизни, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида эса 84 фоизни ташкил этмоқда.
Хўжалик судлари томонидан 2015 йилда 32 мингдан ортиқ даъво аризаси, 2016 йилнинг биринчи чорагида қарийб 8 мингта даъво аризаси кўриб чиқилди. Улар бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фойдасига  900 млрд. сўм ундирилди. Хусусан, Андижон вилоятида хўжалик судлари томонидан 2015 йилда 1 828 та даъво аризаси, 2016 йилнинг биринчи чорагида 450 та даъво аризаси кўриб чиқилди, тадбиркорлик фойдасига 35 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.
Муҳокама чоғида семинар иштирокчилари томонидан ушбу соҳада мавжуд айрим камчилик ва хатолар қайд этилди. Шунингдек хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, Ўзбекистон иқтисодиётига маҳаллий хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулайроқ шарт-шароитлар яратишга, янги иш ўринлари ташкил этишга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга, ҳуқуқий амалиётни янада такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар ва таклифлар билдирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati