O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро конвенцияларни рўёбга чиқариш масалалари муҳокама этилди

26.04.2016

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов таъкидлаганларидек: «Халқаро ҳуқуқ нормаларининг ички қонунлардан устунлиги республикада қонунчилик фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг асосий қоидаларидан бири. Бу ҳол фақат қонунларимиз доимо умум қабул қилинган халқаро нормалар ва қоидаларга мувофиқлаштириб келинаётганлиги ва яқинлаштирилаётганлиги билангина эмас, балки мамлакатимиз халқаро нормаларнинг бажарилишини кафолатлайдиган ҳамма мажбуриятларни ўз зиммасига олаётганлиги билан ҳам рўёбга чиқарилмоқда».

2016 йил 26 апрель куни Сенат биносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ўзбекистон иштирок этаётган атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро конвенциялар қоидаларини ижро этиш борасидаги фаолиятини ўрганиш натижаларига бағишланди. Мажлис Сенатниннг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Гидрометеорология маркази ва Ўзбекистон Экоҳаракати вакиллари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари мутахассислари ва экспертлари, олимлар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар кейинги йилларда мамлакатимизнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашганини, бу эса ушбу соҳани халқаро-ҳуқуқий тартибга солишни талаб қилаётганини қайд этдилар. Ҳозирги вақтда республика ушбу соҳадаги 11 та халқаро конвенцияга ва уларнинг доирасида амалга ошириладиган 7 та халқаро ҳужжатга қўшилди. Ўтган давр мобайнида ушбу халқаро ҳужжатларнинг қоидаларига риоя этилишини ва талаблари бажарилишини таъминловчи тегишли ҳуқуқий, институционал ҳамда ташкилий шарт-шароитлар яратилди. Халқаро стандартларга жавоб берадиган ва ўзида қарийб 30 та қонунни ҳамда 100 дан ортиқ қонуности ҳужжатини мужаммаслаштирган ушбу соҳадаги миллий норматив-ҳуқуқий база республикамизнинг бошқа давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама асосда ҳамкорлигини мустаҳкамлайди ҳамда рағбатлантиради.

Қабул қилинаётган миллий стратегиялар ва давлат дастурлари конвенцияларни амалда рўёбга чиқаришнинг самарали воситасидир. Кейинги 5 йилнинг ўзида республикада ушбу соҳада 5 та комплекс дастур қабул қилинди. Шунингдек айрим масалаларни муҳокама этиш ва мамлакатимиз манфаатларидан келиб чиқиб, янги ҳамда рўёбга чиқарилаётган халқаро битимлар бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиш учун идоралараро ишчи гуруҳлар тузиш амалиёти жорий этилди. Айрим ҳолларда табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги конвенциялар доирасида қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажариш юзасидан бир қанча қўшма тадбирлар ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилмоқда.

Мажлис иштирокчилари халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этиш Ўзбекистондаги қонун ижодкорлиги сиёсатининг энг муҳим вазифаларидан бири эканлигини таъкидладилар. Табиатни муҳофаза қилишга доир халқаро конвенциялар қоидаларининг татбиқ этилиши доимо парламент назорати остида. Ушбу мақсадларда кейинги 5 йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қўмиталарининг 40 дан ортиқ назорат-таҳлил ва бошқа тадбирлари ташкил этилди.

Шу билан бирга муҳокама чоғида мажлис иштирокчилари халқаро шартномалар нормаларини миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этишнинг процессуал механизмини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар.

Мажлис якунлари бўйича ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati