O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадам

Б. ТАЖИЕВ

Бугунги глобаллашув даврида озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини  -таъминлаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни ҳаётга изчил татбиқ этишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилгани фуқароларнинг соғлом ҳамда фаровон ҳаёт кечиришини кафолатлашда муҳим омил бўлаётир.

 

 

Бинобарин, мустақилликнинг илк йиллариданоқ аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилиб, бу борада олиб борилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар ўз самарасини бераяпти.  

Юртимизда озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноати жадал ривожланмоқда. Агросаноатни модернизациялаш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми тобора ортиб бораяпти. Шунинг баробарида, аҳолини йил давомида мева-сабзавотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида замонавий андозалар асосида иссиқхоналар бунёд этиш, боғлар, токзорлар майдонини кенгайтириш, етиштирилган ҳосилни куз-қиш даврида сифатли сақлаш имконини берадиган -омборхоналар барпо этиш саъй-ҳаракатлари ҳам алоҳида эътибордаки, бу озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотининг барқарорлигига, бошқача айтганда, аҳоли дастурхони фаровонлигига хизмат қилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева-сабзавот етиштирилаётир. Аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келади.  Бу халқаро нормаларга кўра мақбул, деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир. 

Таъкидлаш ўринлики, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 апрелда қабул қилинган “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шубҳасиз, мазкур соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқади.

Унда ушбу турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳамда сақлаш инфратузилмасини такомиллаштириш юзасидан ғоятда долзарб ва истиқболли вазифалар белгилаб берилди. 

Айни пайтда давлат эҳтиёжлари учун пахта ҳамда бошоқли дон экин майдонларининг қисқартирилиши ва уларнинг ўрнига донли, сабзавот, полиз ҳамда картошка экинлари экилиши жаҳонда давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ички истеъмол бозорини йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, айниқса, қиш — баҳор мавсумларида мева-сабзавотлар сероб бўлишига мустаҳкам -пойдевор яратмоқда.

 Мамлакатимиздаги қайта ишлаш корхоналарига хом ашё ресурсларини мунтазам етказиб бериш, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатдош бўлган мева-сабзавот ҳамда уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган товарларни экспорт қилиш ҳажмини, турларини кенгайтириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантириш мақсадлари кўзланган мазкур қарорга кўра, эндиликда мева-сабзавотлар давлат буюртмаси бўйича харид қилинади. Маҳсулотларни саноат усулида қайта ишлаш учун давлат буюртмаси доирасида харид қилиш фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига кирадиган хусусий шаклдаги қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган контрактация шартномалари асосида шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак бериш орқали амалга оширилади. Энг муҳими, маҳсулотлар фермер ва деҳқон хўжаликлари билан келишилган ҳолда, бозор нархларида харид қилинади. Бунинг замирида, албатта, фермер ҳамда деҳқонларнинг манфаатдорлигини ошириш, уларга ўзлари етиштирган маҳсулотларни сотиш ва реализация қилишда кўмаклашишдек эзгу ният мужассамдир.
Яна бир жиҳат шундаки, қарорга биноан, мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ҳамда узумни қайта ишлайдиган хусусий мулк шаклидаги корхоналар, идоравий мансублигидан қатъи назар, 2019 йилнинг 1 январигача замонавий ускуна ва технологиялар олиб киришда божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўламайди. Бундан ташқари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналари (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирма ҳамда кичик корхоналар ягона солиқ, давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди. Бу мамлакатимизда озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноати ривожини  жадаллаштиришга, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга йўналтирилган навбатдаги муҳим қадамдир. 

Шу маънода, қўмитамиз томонидан мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга доир мазкур ҳужжат моҳияти ва аҳамиятини, унда кўрсатилган аниқ вазифаларни жойларда чуқур тушунтириш, деҳқон ҳамда фермерларнинг экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришини янада кўпайтириш, қайта ишлаш корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш, қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, витаминлар билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ривожлантириш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқиш саъй-ҳаракатлари кенгайтирилади. Қолаверса, ушбу йўналишдаги қонунлар, дастурлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш чоралари кўрилади. Зеро, аҳоли дастурхонидаги файзу барака кенг кўламли ислоҳотларда инсон омили устуворлигини яна бир карра тасдиқлайди.

 

Б. ТАЖИЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенати
Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси
раисининг ўринбосари

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati