O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati


Сенаторлар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тўғрисидаги ахборотни тингладилар

26.04.2016

2016 йил 26 апрель куни Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси томонидан 2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Давлат дастурининг ижро этилиши тўғрисида парламент эшитуви ўтказди. Парламент эшитуви Наманган ва Хоразм вилоятларида ушбу соҳадаги ишлар ҳолатини ўрганиш мисолида ўтказилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси бошқармаси департаменти раҳбарлари, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, сув хўжалигини назорат қилувчи инспекциялар, ирригация тизимлари ҳавзалари бошқармалари, милиоратив экспедициялар бошлиқлари, шунингдек мазкур вилоятлар фермерлари кенгашлари,  «Узмелиомашлизинг» давлат лизинг компанияси, «Сувлойиҳа», «Ўзкимёсаноат», «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик жамиятлари, Ўзбекистон фермерлари кенгаши раислари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, олимлар ҳамда экспертлар, ННТ, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Сенаторлар бугун иқтисодиёт тармоқлари юқори суръатларда ривожланаётганлигини, аҳолининг сув ва ер ресурсларига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи йил сайин ошиб бораётганлигини қайд этдилар. Шу муносабат билан ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳисобига улардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш аҳамияти ошиб бормоқда.

Ўзбекистонда аграр секторни ривожлантириш ва модернизациялашга, аҳолининг мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳага оид муносабатларни тартибга солиб турувчи зарур норматив-ҳуқуқий база яратилди. 

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ахборотида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 29 октябрда қабул қилинган «Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилашда муҳим дастурий ҳужжатга айланганлиги қайд этилди. Ушбу Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, «Узмелиомашлизинг» давлат лизинг компанияси ҳамда мелиоратив ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажарувчи 48 та давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2013 йил 19 апрелда қабул қилинган Қарори билан Давлат дастури қабул қилинди. Ушбу Дастурни рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, унинг таркибидаги бўлинмалар томонидан давлат унитар корхоналари билан ҳамкорликда гидромелиоратив тизимларнинг, коллектор-дренаж ва суғориш тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, уларнинг техник ҳолатини яхшилаш, сув тежовчи янги суғориш технологияларини жорий этиш юзасидан аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

2013–2015 йиллар мобайнида ушбу тадбирларни бажаришга доир ишлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди, унумдорликни янада ошириш ва тупроқлар шўрланишининг олдини олиш бўйича тадбирлар ўтказилди. Ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилди.

Мелиорация ва ирригация объектларини, суғориш тармоқларини қуриш, уларни қайта тиклаш ва таъмирлаш сифатини ошириш, шу жумладан сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш мақсадида Давлат дастури доирасида 2013–2015 йиллар мобайнида узунлиги 2 616 километрлик, умумий қиймати 458,9 млрд. сўмлик очиқ коллектор тармоқлари (шу жумладан, Наманган вилоятида – 108,3 км, Хоразм вилоятида – 107,56 км), 521 километрлик ёпиқ горизонтал дренаж тармоқлар (Хоразм вилоятида  – 10 км), 457 та тик дренаж қувур (Наманган вилоятида 45 та, Хоразм вилоятида 49 та), 24 та мелиоратив насос станцияси (Наманган вилоятида 2 та, Хоразм вилоятида 5 та), 4 176 та кузатув қувури (Наманган вилоятида 20 та, Хоразм вилоятида 57 та) қурилди ва реконструкция қилинди. 
     
Очиқ коллектор тармоқларини ва ёпиқ горизонтал дренаж тармоқларини, мелиоратив насос станцияларини, тик дренаж қувурларини, ўтиш қувурларини, кузатув қувурларини таъмирлаш ҳамда тиклаш сизот сувларнинг 844 минг га суғориладиган ерларга тўсиқсиз ўтишини таъминлаш, 81 800 га майдонда (шу жумладан, Наманган вилоятида –  900 га, Хоразм вилоятида – 4 600 га) ўртача шўрланган ва кучли шўрланган ерларни камайтириш,  127 минг 300 га майдонда сизот сувлар сатҳи 2 метрга етадиган ер майдонини қисқартириш (Наманган вилоятида – 9 100 га, Хоразм вилоятида – 6 500 га), 635 700 га майдонда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш (Наманган вилоятида 38 100 га, Хоразм вилоятида – 70 минг га) имконини берди.

Умуман олганда, Давлат дастурига мувофиқ мелиорация тадбирлари амалга оширилган суғориладиган ерларда пахта унумдорлиги ўртача 3-4 центнерга, дон экинлари унумдорлиги 4-5 центнерга ошди.  

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тингланган ахборотини таҳлил қилиш мазкур соҳада муайян камчилик ва хатолар мавжудлигини кўрсатди. Сенаторлар, соҳа мутахассислари уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдилар. Давлат дастурини 2016–2017 йилларда ижро этиш устидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, шунингдек халқ депутатлари Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари томонидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Мажлис иштирокчилари мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни давом эттиришнинг муҳим шарти сифатида Давлат дастурини рўёбга чиқариш катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини ижро этиш устидан тизимли парламент назорати ўрнатилади.

Парламент эшитуви якунларига кўра қўмиталарнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

На русском

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati